Тошкентдаги халқаро футбол турнирига келган қозоғистонлик спортчилар заҳарланди

Тошкентдаги халқаро футбол турнирига келган қозоғистонлик спортчилар заҳарланди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Тошкентда ўтказилган “Дўстлик Куп 2026” халқаро футбол фестивалига келган қозоғистонлик ёш футболчилар меҳмонхонада заҳарланиб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлди.
  • 30 октябр куни нонуштадан сўнг бошланган заҳарланиш аломатлари туфайли кўплаб спортчилар 1 ноябр кунги финал ўйинларида қатнаша олмади.
  • Ота-оналар ҳолатга меҳмонхонадаги швед столи усулида берилган таомлар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган “Do‘stlik Cup 2026” халқаро футбол фестивалида иштирок этиш учун келган қозоғистонлик ёш футболчилардан бир нечтаси меҳмонхонада заҳарланди. Бу ҳақда “Kazinform” ахборот агентлиги хабар берди.

Мусобақага фарзанди билан бирга келган оналардан бирининг маълум қилишича, заҳарланишнинг дастлабки аломатлари 30 октябрь куни нонуштадан кейин кузатила бошланган.

“31 октябрга ўтар кечаси болаларнинг ярмида ҳарорат кўтарилиб, ич кетиши ва қайт қилиш бошланди. Бир кечанинг ўзида 11 киши ётиб қолди. Менинг ўғлим ҳам касал бўлди: унда ҳарорат ва ич кетиши кузатилди. Кейинчалик худди шундай аломатлар бошқа жамоалардаги болаларда ҳам пайдо бўлди”, — дейди спортчининг онаси Гулнур.

Унинг сўзларига кўра, 1 ноябрь куни кўплаб ёш футболчилар ўзларини ёмон ҳис қилгани сабабли финал учрашувларида иштирок эта олмаган. Ота-оналарнинг тахминича, заҳарланишга меҳмонхонадаги овқатлар сабаб бўлган бўлиши мумкин. У ерда швед столи усулида нонушта ташкил этилган бўлиб, иштирокчиларга тухум, сосиска ва бошқа таомлар таклиф қилинган.

Вазият юзасидан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам расмий муносабат билдирди.

“Қозоғистон ТИВга Тошкентдаги ‘Do‘stlik Cup 2026’ халқаро футбол фестивалининг бир қатор иштирокчилари саломатлиги тўсатдан ёмонлашгани билан боғлиқ ҳодиса маълум. Тиббий ёрдамга муҳтож барча Қозоғистон фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига ётқизилган ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, — дейилади идора хабарида.

Вазирлик, шунингдек, қозоғистонлик дипломатлар жабрланганларнинг яқинлари ва тиббиёт муассасалари билан доимий алоқада бўлиб турганини, вазият эса мунтазам назорат қилинаётганини маълум қилди.

Футболчилардан бирининг онаси айтишича, соғлиғи барқарор бўлган иштирокчилар учун аввал режалаштирилган поезддаги сафар ўрнига самолётда Қозоғистонга қайтиш ташкил этилмоқда. Айрим оилалар эса фарзандларининг аҳволи ва бошқа сабабларга кўра ҳозирча Тошкентда қолмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар