2 582
"Пахтакор" мураббийи Питер Хюистра: "Бу ўзбек футболининг ҳам ютуғи. Ҳақиқий босим энди бошланади"
Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичи 6-турида Эроннинг "Шаҳр Ходро" клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа, "шерлар" "B" гуруҳида биринчи ўрин билан плей-оффга йўл олишди. Бош мураббий Шота Арвеладзе карантинда бўлгани сабаб ўйиндан кейинги матбуот анжуманида унинг ёрдамчиси Питер Хюистра иштирок этди.
П.Хюистра: "Бугунги ғалабадан жуда ҳам хурсандман. Учрашув бошлангунга қадар гуруҳимиздаги ўзгаришлар ҳақида билмагандик. Шу сабаб футболчилар билан беллашувга максимал даражада тайёрландик, мақсад шу учрашувда ғалабани ўзимизники қилиш ва кейинги босқичга чиқиш эди. Йигитлар ғалабага бўлган чанқоқликларини кўрсатган ҳолда яхши ўйин намойиш этишди. 2-бўлимда ғалаба тўпини киритдик, бундан жуда мамнунмиз. Кейинги босқичга йўл олганимиз нафақат бизнинг, балки, бутун ўзбек футболининг ҳам ютуғи деб ўйлайман. Шу сабаб буни ўзбек футболи учун ижобий воқелик деб ҳисоблайман".
- Бош мураббий Шота Арвеладзенинг карантинда эканлиги олдиндаги машғулотлар ва ўйинларда қанчалик таъсирини кўрсатади?
- Шотада ушбу касаллик аниқлангани барчамиз учун кутилмаган ҳолат бўлди. Чунки, у ҳамиша ўзи ва қолган барчага нисбатан ҳам жуда эҳтиёткор эди. Клубдагиларни асрашга жиддий эътибор қаратиб келарди. Лекин, бу нарса билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Шота бевосита биз билан ёнимизда бўлмаса-да, биз 3 йилдан бери бирга ишлаб келаётган мураббийлар гуруҳига эгамиз. Бундан ташқари, жамоадаги футболчилар тажрибали, профессионал ва жуда ҳам интизомли.
Биз машғулотлар ва иш жараёнимизни автоматик ишлайверадиган даражага олиб чиқишга ҳаракат қилганмиз, бу йўлда ишлаяпмиз. Ҳозирги ҳолатга келишимизда энг катта ҳисса Шотага тегишли деб ўйлайман. У "Пахтакор" лойиҳасида катта ўрин тутадиган инсонлардан бири. Футболчилар ҳам профессионал ва нима қилиш кераклигини яхши билишади. Гуруҳ ўйинлари ортда қолди, биз учун мусобақанинг ҳақиқий босқичи, ҳақиқий синовлари мана энди бошланади. Олдинда бизни 3та финал кутиб турибди дейиш мумкин. Буёғига мутахассислар гуруҳи ва футболчилар бирлашиб нима қилиш кераклигини биламиз. "Пахтакор" бежизга шу даражага чиқмаганини исботлаш учун ҳам ишлаймиз ва майдонга тушамиз.
- Ўйин пайти Шота билан алоқада бўлиб турдингизми ва кейинги босқичга чиққанингиздан сўнг сизлардаги босим бироз камайдими?
- Шота билан маслаҳатлашиб турдик, у ўз кўрсатмаларини берди. Нафақат ўйин, балки машғулотларда ҳам у билан маслаҳатлашиб иш тутамиз. Босим? Аксинча, бизда ҳақиқий босим энди бошланади. Чунки, плей-оффда хато қилишга ҳаққинг йўқ. Ҳар бир ўйин охиргиси бўлиши ҳам мумкин. Шу боис рақибларни ўрганиб чиққанмиз, уларнинг ҳар бир ҳаракатларини таҳлил қилганмиз, тайёргарлик жараёнида бош мураббийимиз ҳам кўрсатмаларини беради. Биз бор кучимиз билан ўзимизни кўрсатишга интиламиз.
- Агар бугун ўйин бошланишидан олдинроқ гуруҳдаги вазиятга ойдинлик киритилган бўлганда таркибда ўзгаришлар бўлармиди?
- Тўғриси, таркибни ўзгартиролмасдик. Чунки, бу ҳақда ўйин бошлангандан кейингина хабар чиқди. Шунга қарамасдан, кейинчалик кичик жароҳати ва сариқ карточкалари бор ўйинчиларни алмаштирдик. Шунга қарамай, асосий таркиб ўйнагани яхши бўлди деб ўйлайман. Чунки, бу ўйин ритмини ушлаб туришга ёрдам беради. Бундан ташқари, футболчилар ўйнашни ёқтиришади. Масалан, Жалолиддин ҳам доим ўйнашни хоҳлайди, футбол у учун хоббига айланиб кетган. Драган ҳам бугун захирага олганимизда бироз асабийлашгандек бўлди, у ҳам ўйнашни ва гол уришни хоҳлаётганди. Жамоавий ўйин ритмини ушлаб туриш учун бугунги баҳс фойдали бўлди деб ўйлайман.
- "Истиқлол" Қатарда "Пахтакор"дан иккита камроқ ўйин ўтказди. Бу сизлар учун муаммо бўлмайдими?
- Бу балки "Истиқлол" учун ҳам муаммо бўлиши мумкин. Буни энди ўйиндан кейин кўрамиз. Биз бутун мавсум давомида жисмоний ҳолатимиз яхши бўлиши учун ишлаб келдик ва ишлаяпмиз. Бу томонлама мен футболчиларга ишонаман, барчасини 26 сентябрь кунидаги ўйинда билиб оламиз. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда