Россия футболида энг кўп муҳокамага сабаб бўлаётган Остон Ўрунов трансфери атрофидаги шов-шувлар, янгиликлар ҳали бери тинадиганга ўхшамайди. Бу кўп жиҳатдан Остоннинг ўзига эмас, унинг легионер сифатидаги фаолиятида муҳим аҳамият касб этувчи шахс – Шамиль Газизов билан боғлиқ бўлмоқда.
Ҳамманинг хабари бор, Остон Ўруновнинг “Локомотив”дан “Уфа”га кўчиб ўтиши ва у ердан Россиянинг энг кўп мухлисга эга бўлган клуби – “Спартак”дан қўним топишида Шамиль Газизовнинг хизматлари катта.
Остон ҳақиқатан, иқтидорли, салоҳиятли ва футбол майдонида қўл келадиган кўплаб сифат ва хусусиятларни ўзида мужассам этган умидли футболчи. Унинг омади Шамиль Газизовдек мутахассиснинг кўзига кўриниб қолганида. Бўлмаса, юртимизда истеъдод бобида Остондан қолишмайдиган ва ундан ўтадиган ёш футболчилар ҳам кўп. Бироқ уларга Россия футболи сари йўл очиб берадиган ва қўллаб-қувватлайдиган, керак бўлса пул тикадиган одам йўқ.
Ўрунов нима қилди? Остон ўзига берилган имкониятдан ортиғи билан фойда чиқара олди. Ҳар ҳолда Суперлигамиз жамоасидан рус футболининг энг машҳур клубигача бўлган йўлни ярим йилда босиб ўтдику. Ҳа, унга Шамиль Газизов катта ёрдам берди, ҳозир Остон кутилган ўйинни намойиш этолмаяпти. Лекин бу бошқа масала.
“Спартак” раҳбарияти “Уфа”да ҳамма ишни “тиндириб” ташлаган Шамиль Газизовни ёзда катта умидлар билан бош директорликка олиб келганди. Бу мутахассисда ўзини кўрсата олиш учун биттагина трансфер даври бор эди холос. Шамиль учта трансферга қўл урди. “Уфа”дан 1,5 миллион еврога Остон Ўруновни сотиб олди, юлдузлик даражасидан пастга шўнғиётган Александр Кокоринни эркин агент сифатида жамоага қўшди ва узоқ танқидлардан кейин “Челси”дан Виктор Мозесни келишга кўндира олди.
Тўғриси, бу трансферлар “Спартак” раҳбариятини ҳам, мухлисларни ҳам ҳайратга солгани йўқ. Газизовнинг ишлари аввалги бош директор Томас Цорннинг трансферлари соясида қолиб келди. Амалда “Спартак” ўйинни тубдан кучайтирадиган футболчиларга эга бўлмади. Бош мураббий Доменико Тедеско ўтган мавсумда чемпионатда еттинчи ўринни олган таркиб билан бу гал биринчи ўрингача кўтарилди. Буёғига эса, “Спартак” яна пастлай бошлади. Кетма-кет учта учрашувда очко йўқотилди.
Вазиятни ўнглаш учун клуб раҳбарияти зудлик билан чора кўра бошлади. Биринчи навбатда, селекция бўлими бошлиғи вазифасини бажарган Шамилнинг “одами” Наримон Акавов ишдан олинди. Кейин бўш турган спорт директори лавозими тикланиб, бу жойда самарали иш юритган Дмитрий Попов ишга олинди.
Дмитрий Попов ҳақиқий “спартакчи”. У футболчилик фаолияти давомида жамоанинг етакчи ўйинчиларидан бўлган. Бир марта собиқ Иттифоқ, икки бор Россия чемпиони бўлган. Кейинчалик Испаниянинг “Расинг”, “Компостеле” ва “Толедо”, Исроилнинг “Маккаби ТельАвив” жамоаларида ўйнаган.
Попов 2006 йилдан клубнинг селекция бўлимида иш юритган. 2008-2016 йиллар давомида спорт директори лавозимида ишлаган. У кетганидан буён бу лавозим эгасиз қолаётган эди. Энди Поповга шу пайтгача Шамиль Газизов бажарган ишлар юклатилади. Хусусан, трансферлар билан ишлаш ваколати Газизовдан Поповга ўтади. Бу Остон Ўруновнинг жамоадаги тақдири ҳам кўп жиҳатдан янги спорт директори юритадиган сиёсатга боғлиқ бўлиб қолади.
Яқинда Шамиль Газизов журналистларга берган интервьюсида қишки трансферлар даврида ўзгаришлар бўлишини, хусусан, Остон Ўрунов ижарага берилиши ёки бошқа клубга трансфер қилиниши мумкинлигини таъкидлаганди. Энди эса, бу гапларни бежизга айтмагани ойдинлашяпти.
Ўз навбатида, асосий ваколатларини янги директорга топшираётган Шамиль Газизовнинг клубдан кетиши кутилмоқда. Бу масала биринчи даврадан кейинги қишки танаффус пайтида кўриб чиқиладиган бўлди. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда