ПФЛ Про-Лига 2021 йилги мавсумида иштирок этадиган 10 та клуб номини маълум қилди

ПФЛ Про-Лига 2021 йилги мавсумида иштирок этадиган 10 та клуб номини маълум қилди
Фото: ПФЛ
Профессионал футбол Лигаси (ПФЛ) Про-Лига 2021 йилги мавсумида иштирок этадиган 10 та жамоа номини маълум қилди. Унга кўра 2021 йилги мавсумда қуйидаги жамоалар мусобақада кураш олиб боради: «Бухоро», «Нефтчи», «Шўртан», «Динамо», «Истиқлол», «Оқтепа», «Хоразм», «Янгиер», «Арал», «Олимпик».

Про-Лиганинг 2020 йилги мавсумида 8 клуб ғолиблик учун кураш олиб борганди. Якунда «Турон» Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. «Бухоро» футбол клуби эса Суперлигада энг кам очко жамғарган клуб сифатида 2021 йилни Про-Лигада ўтказадиган бўлди.

Регламентга кўра, 2020 йилги мавсум Про-Лигада сўнгги ўринни эгаллаган клуб Биринчи лигага туширилиши, Про-Лиганинг еттинчи жамоаси эса Биринчи лиганинг иккинчи жамоасига қарши ўтиш ўйинида иштирок этиши белгиланганди. Шунга кўра, Про-Лигани сўнгги — 8-ўринда якунлаган «Зомин» мусобақани тарк этди. Биринчи лига ғолиби «Янгиер» эса Про-Лиганинг навбатдаги иштирокчисига айланди.

Про-Лиганинг еттинчи жамоаси «Хоразм» ҳамда Биринчи лиганинг иккинчи жамоаси «Пахтакор-фарм» ўртасида ўтиши лозим бўлган беллашув бекор қилинди. Боиси, ЎФА Ижроқўмининг 2020 йил 28 ноябрдаги йиғилишида Қорақалпоғистонда футболни ривожлантириш дастури асосида «Арал» футбол клубининг Про-Лига мусобақасида истисно тариқасида иштирок этишига рухсат берилди ҳамда Про-Лига иштирокчилари 2021 йилги мавсумдан бошлаб 10 та қилиб тасдиқланди. Шундан келиб чиқиб, «Хоразм» футбол клуби Про-Лигадаги ўрнини ўтиш ўйинисиз сақлаб қолди, «Пахтакор-фарм» эса ўз-ўзидан лиганинг 10-жамоасига айланди.

ПФЛ баёнотида қайд этилишича, «Пахтакор-фарм» клуби 3 февраль куни Про-Лигада иштирок этмаслигини маълум қилган. 5 февраль куни эса ЎФА Ижроқўми Бюроси Миллий олимпия қўмитаси қошида ташкил этилаётган «Олимпик» футбол клубини Про-Лиганинг 10-жамоаси сифатида тасдиқлади. «Олимпик» футбол клуби лицензиялаш регламенти ҳамда Мусобақалар ўтказиш регламентидаги барча талабларни бажариш шарти билан мусобақага қўшиладиган бўлди.

Про-Лиганинг 2021 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими «UzReport» билан ҳамкорликда илк марта жонли эфирга олиб чиқилиши режалаштирилган. Маросим санаси ҳамда мусобақанинг старт оладиган куни кейинроқ маълум қилинади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар