Тошкентнинг “Пахтакор” клуби сўнгги йилларда ўзбек футболининг халқаро майдондаги ягона тамсилчисига айланди.
“Шерлар”да ҳаммаси яхши кетаётгандек эди. Бироқ, “Пахтакор” учун омадли ўтган 2020 йилги футбол мавсумидан кейин жамоа устози Шота Арвеладзе кутилмаганда клубни тарк этди.
Бу кетишнинг сабабларини ҳеч қайси томон очиқлагани йўқ. Энг қизиғи, “Пактакор” клуби матбуот хизмати орадан деярли 2 ой ўтган бўлса-да ҳалигача Шотанинг кетгани ҳақида расмий хабар чиқармади (15 январь куни П. Хюистра жамоа бош мураббийига айлангани маълум қилинди). Ўзбекистондаги қисқа муддатлик фаолияти давомида самимийлиги билан мухлислар ва футбол жамоатчилиги қалбини забт этишга улгурган мутахассиснинг кейинги фаолияти барчамиз учун қизиқ, албатта.
Грузиялик мутахассис Тошкент клубида 2017 йилнинг 23 июнидан 2020 йилнинг охирига қадар фаолият юритди. У ортда қолган вақт ичида Ўзбекистон чемпионатида қийин кунларни бошдан кечираётган “шерлар”ни Осиёнинг энг рақобатбардош жамоаларидан бирига айлантиришни уддалади. У “Пахтакор” футболчиларини 124 учрашувга бошлаб чиқди ва улардан 90 тасида майдонни бошини тик тутган ҳолда тарк этди (18 дуранг, 16 мағлубият. Тўплар нисбати: 289-90).
Бу муддат давомида Арвеладзенинг мураббийлик салоҳиятига шубҳа билан қараганлар етарлича бўлди. Ҳозир у қайд этган натижалар ўртада ва ҳамма ўзича таҳлил қилиши мумкин...
Сўнгги кунларда Шота Арвеладзенинг шахсиятига қизиқдим ва амин бўлдимки, у бизга кўринганидан анча катта “фигура” экан. Биласизми, турк футболининг жонкуяр ишқибозлари доимий равишда Шотанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини “ёндиришади”. Улар орасида “Қосимпошо” ва “Трабзонспор” мухлислари салмоқлидир. Унинг ўзи ҳам Трабзон жамоаси раҳбарияти таклиф билан чиққани ҳақида маълум қилди. Бундан ташқари, “Пахтакор”да ишлаб юрган кезлари унга Осиёнинг бир қанча жамоалари “жозибали” таклифлар юборгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Энг қизиғи, турк телеканаллари Шотага пул тўлаб, ток-шоуларга олиб чиқади.
У бир неча бор спортга ихтисослашган телеканалларнинг футбол ўйинлари бўйича доимий экспертга айланиш тўғрисидаги таклифларини рад қилишга улгурган экан.
Аввалроқ Арчил Арвеладзе “fanatik” порталига берган интервьюсида “Трабзонспор”га қайтиш ҳақидаги саволга Шотанинг мураббийликдан танаффус олмоқчилиги, шундан кейин ўйлаб кўриши мумкинлигини айтган эди. Аммо, катта эҳтимол билан ака-ука Туркияда узоқ муддат қолишмаса керак. Шота бу мавзуда шундай деган: “Истанбул – ажойиб шаҳар. Бу ерда фақат яшаш керак, ишлаш эмас”.
Мутахассиснинг Туркияда қолмаслигининг асосий сабаби эса Осиё жамоаларининг нисбатан жозибалироқ таклифлар билан мурожаат қилаётганидир. Шотанинг яна шундай гапи бор: “Пул муҳим эмас, кўп пул муҳим”.
Бевосита унинг кейинги манзилига тўхталадиган бўлсак, яна ҳикоянинг бошига қайтишимизга тўғри келади. Шота “Пахтакор”ни нима сабабдан тарк этди?
Унинг ўзи асосий мақсади Осиё Чемпионлар Лигаси эканлигини бир неча бор таъкидлаган эди. Эшитишимга қараганда, 2020 йилги мавсум якунига етганидан кейин ушбу масала яна бир бор кўтарилган. Шота каттароқ даврада келаси мавсум учун жамоа бюджети катталаштирилса, Чемпионлар Лигасини ютишини айтади, аммо унинг сўрови шунчаки жавобсиз қолдирилади.
Мутахассис ушбу ҳолатдан хафа бўлади ва Тошкентни тарк этишга қарор қилади. Аммо, “Пахтакор”да Арвеладзенинг қайтишини кутаётганлар ҳам йўқ эмас. Миш-мишларга қараганда, яқинда Алишер Усмонов грузиялик мутахассис билан суҳбатлашган. Агар янги мавсумда “шерлар”нинг ишлари юришмаса, катта эҳтимол билан Шота яна эски ўрнига қайтади.
Арвеладзе жамоа футболчилари билан хайрлашаётганида кўз ёшларини тийиб туролмагани унинг ўзи ҳам клубга боғланиб қолганининг аломати бўлса керак. Воқеалар ривожини эса биргаликда кузатамиз...
Фахриддин Рўзиев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Анчелотти: “Реал”да катта хатога йўл қўйдим. Бу менга катта дарс бўлди