23:50 / 13.06.2021
3 033

"Саудиядек рақибни мағлуб этсак, бошқаларни қўрқитиши мумкин ва ҳатто Япония, Корея ҳам терма жамоамизга бошқача қарашни бошлайди"


Миллий терма жамоамиз кутилганидек Сингапур билан Яманни мағлубиятга учратди. Энди асосий ўйин, барчамиз кутаётган муҳим беллашувга етиб келяпмиз.

Саудия Арабистони терма жамоаси ҳозирда гуруҳ пешқадами. Вакилларимиз кейинги босқичга чиқиши учун албатта мезбонларни ютиши шарт. Тўғри, дуранг туфайли ҳам иккинчи ўринни эгаллаганлар орасидаги яхши кўрсатгич қайд этганлар қаторида чиқишимиз ҳам мумкин. Аммо бунда барибир бошқаларнинг қўлига қараб қоламиз ва ҳеч ким кейинги босқичга чиқишимизга кафолат бермайди.

Яхшиси, ҳеч кимга қараб қолмаслик учун саудияликларни мағлуб этишимиз лозим. Бу борада мутахассисларнинг ўзига хос фикр ва мулоҳазаларини ҳукмингизга ҳавола қилиб боряпмиз. Ўз вақтида миллий термамизда муносиб тўп сурган ва ҳозирда мураббийлик билан шуғулланаётган Рашид Ғофуров ўзининг қарашларини билдириб ўтди.

Сингапур ва Яманга қарши ўйинлар тўғрисида
- Агар биринчи ўйинни Сингапурга эмас, балки Яманга қарши ўтказганимизда ана шундай йирик ҳисобда ютишимиз мумкин эди. Одатда, йирик ҳисобдаги ғалаба кейинги учрашувга қайсидир маънода таъсир қилиши мумкин. Терма жамоамизда кайфият яхши ва рақиб ким бўлишидан қатъий назар Саудиядаги биринчи ўйинни яхши даражада ўтказиб олиш муҳим эди. Яман билан баҳсга йигитларимиз муносиб ҳозирлик кўра олмади демоқчи эмасман. Одатдагидек тайёргарлик кўрилган. Лекин Сингапурга қараганда Яман бироз футбол ўйнашни биладиган жамоа. Бу ҳисобда ҳам билиниб турибди.

Ёдингизда бўлса, Яман футболчиси 0:0 бўлиб турган пайтда ҳисобни очишга яқин келганди. Санжар Қувватов зарбани қайтариб қолди. Ўшанда улар гол уришганида футболчиларимизда Сингапурга қарши ўйиндаги жанговарлик уйғонарди ва бошқача футбол кўришимиз мумкин эди. Иккинчи учрашувда ҳам терма жамоамиздан яна кўпроқ голлар кутилди. Йигитларимиз ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнашмади, имкониятларни яратдилар. Балки тезкор гол туфайли бироз хотиржамликка берилиб қолгандирмиз.

Ҳозирги кунгача Яман, Сингапур каби термаларни биз учун асосий рақиб деб ҳисобламайман. Уларда футбол ривожланмаган пайтда бизникилар жаҳон чемпионатига чиқиш учун жиддий курашиб келаётганди. Бу рақибларга соатлаб таъриф бериш шарт эмас.

Одил Аҳмедовнинг пенальтидан гол ура олмагани хусусида
- Кимдир пенальтидан гол ура олмаса, нега у тепди, деган хаёлга борилади. Балки Жалолиддин Машарипов иккилангандир. Биринчисида гол ургач, энди бу сафар дарвозабон мени ўқийди, энди бошқаси тепиши керак, деган мазмунда ўзи розилик бергандир. Одил Аҳмедов пенальтини олиб қўйди, деган гаплар ноўрин. Масалан, мен ҳам бир марта пенальти тепсам иккинчисига иккиланаман. Тўғри, иккинчи пенальти голга айланмади, аммо бунинг фожеали тарафи йўқ.

Саудия Арабистонини қандай ютиш мумкин?
- Ўзбекистон халқи сингари мен ҳам Саудия Арабистонига қарши ўйинда ғалабани кутяпман. Терма жамоамиз қанча кўп ютиб келаверса, бу футболга эътиборнинг ошишига ва рейтингдаги ўрни ҳам юқорилашига олиб келади. Саудия – бу ҳақиқий рақобат туғдирадиган жамоа деб ҳисобласа бўлади. Уларда олдиндан футбол яхши даражада бўлиб келган. Биз ўйнаган даврда ҳам уларнинг терма жамоаси ва клублари кучли бўлган ва ҳозир ҳам кучли. Мана, энди бизни нимага қодирлигимиз Саудия Арабистонига қарши учрашувда кўринади. Сингапур ёки Яманни ютиб жаҳон чемпионатига чиқиб қолмаймиз.

Саудияга ўхшаган кучли рақибни мағлуб этса, ҳаммани ўзига қаратиши ва бошқаларни қўрқитиб қўйиши мумкин. Агар арабларни ютсак ҳатто Япония ва Корея ҳам терма жамоамизга бошқача қарашни бошлайди. Ортда қолган иккита ўйинда термалар бир-бирини яхшилаб ўрганиб бўлишди деб ўйлайман. Элдор Шомуродовга доим иккита ҳимоячи бириктирилаётган бўлса, саудияликлар бунга ҳам жиддий эътибор қаратишлари аниқ. Кейинги тақдиримиз кимгадир боғлиқ бўлиб қолмаслиги учун ҳамма ўйинларда ютишимиз шарт.

Ҳамма қатори биз ҳам терма жамоамизнинг мундиалда иштирок этишини жуда-жуда истаймиз. Бунинг учун футболчилар ҳар бир ўйинда борини бериб ўйнаши керак. Масалан, Яман билан учрашувда йигитларимиз ўз ўйинларини кўрсата олмадилар. Агар футболчиларимиз ўз ўйинини кўрсатишса, ҳеч қандай хавотирларга ўрин қолдиришмайди. Чунки биз яхши биламизки, йигитларимиз бундан ортиғига қодир. Европа чемпионати ҳам бошланди, аммо у ерда кимгадир мухлислик қилгандан кўра, миллий терма жамоамизга жон куйдириб, қўллаб-қувватласак бу мақсадга мувофиқ бўлади. Агар мағлубиятлар бўлавермаса, бу кайфиятга ва футболдан безиб қолишга таъсир қилади. Лекин бизнинг футболчиларимизнинг қўлидан кўп иш келади.

Таркиб ҳақида
- Терма жамоамиз таркибида муносиб ўйинчилар жамланган. Ким ўзини кўрсатаётган бўлса, барчаси шу ерда. Масалан, Икром Алибоев ҳам қайтди. У Шомуродов, Аҳмедов, Машарипов каби жамоамизга фойда келтирадиган футболчи. Вадим Абрамовни қайси усули менга ёқади, биласизми? У футболчиларни паспортига қараб ўйнатмайди. Терма жамоанинг эшиги ҳамма учун очиқ. Яхши ўйинчини қолдириб, фойдаси тегмайдиган футболчини олиб кетгани ҳеч қайси мураббий ўзига-ўзи душман эмас.

Шуҳратбек Жўраев


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Саудиядек рақибни мағлуб этсак, бошқаларни қўрқитиши мумкин ва ҳатто Япония, Корея ҳам терма жамоамизга бошқача қарашни бошлайди"