Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаш босқичининг иккинчи даврасидаги ҳал қилувчи учрашувида Саудия Арабистони билан тўқнаш келади. Агар бугун мағлубиятга учрасак ёки дурангга рози бўлсак, яна 4 йил Жаҳон чемпионати ҳақида орзу қилишгагина ҳаққимиз бўлади, холос.
ФИФА рейтингида арабистонликлар биздан олдинда туришади. Уларнинг орасида Россиядаги мундиалдан нафас олган футболчилари ҳам учрайди. Хуллас, халқаро майдондаги ўйин амалиёти уларда кўпроқ. Ташқи томондан, Саудияликлар ўз уйларида ўйнаса-да, кучлар деярли тенг.
Трансфермаркет сайтининг маълумотларига қараганда, Саудия Арабистони МТЖ футболчиларининг умумий нархи 25.78 миллион евро, «оқ бўрилар» эса 27.65 миллион евродан ошади. Кўриб турганингиздек, бизнинг терма жамоани халқаро миқёсида ҳам юқори баҳолашган. Умумий ёш тоифасида эса Саудия биздан озгина ёшроқ: 26.1 га 26.5 нисбатида.
Энг кучли футболчилар: Саудия Арабистони ҳужумчиси Салем Ал-Досари таркибнинг энг қиммат ўйинчиси бўлиб турибди. Унинг нархи деярли 3 миллион еврога яқин. Дарвазобони Муҳаммад ал-Увайс таркибдаги иккинчи энг қиммат футболчи ҳисобланади. Унинг нархини трансфермаркет платформаси 2,5 миллион еврога баҳолаган. Ясир Ал-Шаҳрани, Султон Ал-Ганам, Муҳаммад ал-Брейкларнинг нархи эса 2 миллион евродан бошланади. Таркибда ҳар бир позицияда ўйнай оладиган яхши футболчилар бор.
Ўзбекистон МТЖнинг трасфермаркет платформасига кўра умумий нархи 27.65 миллион евродан ошади. Энг қиммат баҳоланган футболчимиз, шубҳасиз, Италия А сериясида порлаётган Элдор Шомуродов 7 миллион евродан ортиққа баҳоланган. Иккинчи ўринни эса Отабек Шукуров 3 миллион евро билан банд этган. Сўнгги 2 ўйинда 3 та голга муаллифлик қилган Жалоллиддин Машарипов эса 2,8 миллион евро билан кейинги ўринни эгаллаб турибди.
Умуман олганда ҳужум ва ярим ҳимоя зонасидаги футболчиларимизнинг трансфер нархи яхши, бироқ дарвозабон ва ҳимоячилар масаласида оқсашимиз мумкин. Бу трансфер нархлари ниманидир ҳал қилади, демоқчи эмасмиз. Бироқ катта футбол олами футболчиларимизга шундай баҳо бермоқда.
Бугун тақдиримиз нима бўлади? Демак, бошқа гуруҳлардаги вазиятга қарасак:
«A» гуруҳи: Сурияга «барибир».
Сурия миллий жамоаси максимал очко йиққан – 7 ўйинда 100 фоизлик натижа – 21 очко жамғариб, муддатдан аввал гуруҳ ғолиби сифатида ҳал қилувчи 3-босқичга йўлланма олиб бўлди. Уларга энди «дурангми» ёки «мағлубият» «барибир» бўлиб қолган. Хитой билан баҳс шомликлар учун ҳеч қандай фойда келтирмайди. Дуранг натижа ҳам Ли Те қўл остидаги Хитойни қаноатлантиради. Қолган баҳслар натижасидан қатъи назар 17 очко билан 2-ўринни эгаллаб плей-оффга олиб чиқади.
«B» гуруҳи: Иорданиянинг тақдири бизникига ўхшайди.
Австралия миллий жамоаси 2-саралаш босқичида очко йўқотгани йўқ. Улар кейинги босқичга чиқиб бўлишди. Бир пайтлар Тошкентда бизни «йиғлатиб кетган» Иордания 14 очко билан гуруҳда 2-ўринни эгаллаб турган бўлса-да, энг яхши натижага эга иккинчи ўринлар қаторида 8 очко билан бешликдан ташқарида турибди. Иордания сўнгги ҳал қилувчи ўйинида Австралияни мағлуб этса, кейинги босқичга чиқа олиши мумкин – ўшанда ҳам ўзидан юқорида бўлган 4 жамоадан камида 2таси очко йўқотиши лозим. Уларнинг миссияси оғир: «Кенгурулар»ни мағлуб этиш…
«C» гуруҳи: Эрон ҳам, Ироқ ҳам «тўйдан» қолиб кетиши мумкин.
Баҳрайнда ўтаётган «С» гуруҳида ҳам вазият анчайин жиддий. Пешқадам Ироқ ҳам, Эрон ҳам гуруҳда қолиб кетиши мумкин. Ҳозирги ҳолатда ироқликларга ҳам, эронликларга ҳам 2-ўрин билан гуруҳдан чиқа олмаслик хавфи сақланиб турибди. Улардаги вазият бизнинг гуруҳга жуда ўхшайди. Эрон Ўзбекистон ролида, Ироқ эса Саудия ролида. Очколар ҳам худди шундай. Ғалаба икки жамоага ҳам йўлланмани тақдим этади, дуранг эса Ироқ фойдасига, форсларнинг зарарига ишлаши мумкин. Мағлубият Эронни гуруҳда қолиб кетишига сабаб бўлиши аниқ.
«D» гуруҳи: Ўзбекистон терма жамоаси пайдо бўлгандан бери бошқаларнинг «қўлига» қараймиз.
Саудия Арабистони - Ўзбекистон ўйинида ғалаба миллий жамоамизга тўғридан тўғри йўлланма беради, дуранг бизни бошқа термаларга «ичиқоралик» қилиб ўтиришимизга сабаб бўлади. Мағлубият эса…
«E» гуруҳи: Ким нима дардда?
Осиёнинг амалдаги чемпиони Қатар миллий жамоаси гуруҳда ўтказган 8 ўйиндан 7тасини ғалаба билан якунлаб, гуруҳдан чиқиш масаласини ўтган турдаёқ ҳал этганди. Бу мамлакат ЖЧ-2022 мезбони экани боис, 2-саралаш босқичида Осиё кубоги-2023 йўлланмасини қўлга киритиш учун иштирок этди, ҳал қилувчи 3-саралаш босқичда эса қатарликларни кўрмаймиз.
Иккинчи ўрин эгаси – Уммон. Ушбу жамоа энг яхши натижага эга 2-ўриндаги жамоалар орасида 12 очко билан йўлланмани деярли нақд қилган. Хуллас, турнирнинг 2-босқичида «кубок»да иштирок этиш дардими ёки бошқа Қатарнинг бизнинг зараримизга ишлашига олиб келди.
«F» гуруҳи: қўшнилар нонимизни яримта қилмайдими?
Икки қўшнимиз жой олган «Ф» гуруҳида Япония миллий жамоаси муддатидан аввал биринчи бўлиб ҳал қилувчи 3-саралаш босқичига йўлланма олган. Усмон Тошев мураббийлигидаги жамоа сўнгги турда Мьянмани мағлуб этса ва Қирғизистон Японияни мағлуб эта олмаса, 2-ўринга кўтарилади. 5-ўриндаги Мьянма билан ўйинлардаги бир мағлубият ва бир ғалабаси бекор қилинса-да, 10 очко билан 3-саралаш босқичига йўлланма олиши имкониятига эга бўлади.
«G» гуруҳи: БААга қийин бўлади
Ушбу гуруҳда ҳам сўнгги турдаги Вьетнам ва БАА ўртасидаги учрашув гуруҳ ғолибини аниқлаб беради. Вьетнамликларга дуранг ҳам кифоя, БАА эса вазиятни оғирлаштирмаслик учун фақат ғалаба қозониши керак. Дуранг қайд этилган тақдирда ҳозирда энг яхши натижага эга 2-ўриндаги жамоалар орасида 5-ўринда бўлган амирликлар учун Эрон Ироқни мағлуб этмаслиги, Иордания эса Австралияни юта олмаслиги лозим.
«H» гуруҳи: Ливаннинг кўзи «йўл»да
Сўнгги гуруҳ бўлмиш «H» гуруҳида Шимолий Корея миллий жамоасининг турнирдаги иштирокини тўхтатиши қолган барча гуруҳлардаги вазиятга таъсир этди. Хуллас, КХДР доимгидай ҳаммамизни «математик»ка айланириб ташлади. ФИФА барча гуруҳлардаги сўнгги 5-ўринни эгаллаган жамоалар билан натижалар бекор қилиниши ҳақида қарор қилганди. Улар «сих ҳам, кабоб ҳам куймасин» шиорига амал қилди.
Ҳаммаси ўз қўлимизда. Агар ғалаба қозонсак, кейинги босқичга муаммосиз чиқамиз. Бошқаларнинг натижаси ўзларига буюрсин.
Акс ҳолда… Бу ҳақда гапиргимиз ҳам келмайди. Олға, Ўзбекистон.
Санжар Машриқий
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
Реваншда ғалаба қозониш учун Тайсон Фьюрига нима керак?
1 декабрдан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади