00:04 / 13.08.2021
2 919

Терма жамоамизнинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг фаолиятига назар

Терма жамоамизнинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг фаолиятига назар
Ўзбекистон миллий терма жамоасида словениялик Сречко Катанец иш бошлаши кутилмоқда.
Сречко Катанец - 1963 йил 16 июль куни собиқ Югославиянинг Любляна шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолиятини "Любляна" клубида бошлаган. 1981-1988 йил оралиғида "Олимпия", "Динамо" ва "Партизан" клубларида фаолият олиб борган. 1988 йилда "Штутгарт"га кўчиб ўтган ва бир мавсум ўйнаган. Ушбу клуб сафида УЕФА Кубоги финалига чиққан.

Кейинги йил Италиянинг "Сампдория" клубига ўтган ва бу жамоа сафида Италия чемпиони бўлган, кубоги ва Суперкубоги соҳибиаг айланган. Шу билан бирга Кубок эгалари кубоги ғолиби бўлган. 1991/1992 йилги мавсумда Катанец "Сампдория" билан бирга Европа Чемпионлар кубогиининг сўнгги финалида иштирок этган ва унда "Барселона"га имконият бой берилган - 0:1. У 1983-1990 йилларда Югославия терма жамоаси сафида 31та ўйинда майдонга тушиб, 5та гол урган. 1994 йилда Словения терма жамоаси таркибида 5та учрашувда 1та гол урган.

Футболчиликни тугатгач, 1996 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган ва дастлабки Словения U-21 терма жамоасида ишлаган. Кейинроқ мамлакат миллий терма жамоаси бош мураббийига айланган ва 2000 йил Словенияни ўз тарихида илк бор Европа чемпионатига олиб чиққан. Икки йилдан сўнг айнан Катанец қўл остида Словения ўз тарихида биринчи марта Жаҳон чемпионатига чиққан! Мундиалда учала ўйинда ютқазгач Катанец истеъфога чиқарилган.

Кейинроқ мураббий Грецияда "Олимпиакос"ни бошқарди, 2006-2009 йилларда Македония миллий терма жамоасида ишлади. 2009 йилда Сречко Осиё қитъасига келди ва БАА миллий терма жамоаси бош мураббийига айланди. Араблар билан Қатардаги Осиё кубоги финал босқичига чиққан Катанец 2011 йил кузига қадар шу ерда ишлади. Айнан ОК-2011 саралашида Катанец илк бор Ўзбекистон терма жамоаси билан тўқнаш келган. Тошкентда Катанец бошчилигидаги БАА сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига зафар қучган - 1:0. Бу ҳақда сайтимизда алоҳида мақола ҳам ёзилган эди.

БААдан кетгач қаҳрамонимиз яна Словения терма жамоаси бошқарувини ўз қўлига олди. Бироқ биринчи сафаргидек ажойиб натижалар қайд этилмади. Словения ЖЧ-2014га ҳам, Евро-2016га ҳам чиқа олмади. Катанец 2017 йил сўнггида терма жамоани тарк этди ва 2018 йил сентябрь ойигача ишсиз юрди.

4 сентябрь куни Катанец Ироқ терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди ва 2021 йил июль ойига қадар шу ерда ишлади. Ироқ ушбу мураббий қўл остида Осиё Кубогида нимчорак финалга чиқди ва бўлажак чемпион Қатарга ютқазиб қўйган - 0:1.

ЖЧ-2022 саралаши иккинчи босқичида Ироқ 8та ўйинда 17 очко тўплаб ҳал қилувчи босқичга йўл олди. Бироқ молиявий муаммолар сабаб шартнома бекор қилинди. Катанец Ироқ халқига мактуб йўллади ва барчасини маълум қилди.

"Вазиятдан ҳаммангиз хабардорсиз. Ўтган беш-олти ойдан бери маош олмасдан ишлаб келдим ва бу вақт оралиғида менга ҳеч ким ҳеч нарса демади. Натижада мен шартномани бузишга қарор қилдим. Аслида шартномани бузган мен эмас, балки Ироқ футбол федерацияси, чунки вазият мени шундай йўл тутишга мажбур қилди. Федерация ўзаро шартномани ҳурмат қилмади", - деб ёзган Катанец ўз хатида.

Ироқлик журналист Ҳассанин Мубаракнинг ёзишича, федерация атайлаб словениялик мураббийни кетказиш мақсадида беш ой маош бермаган. Бунга сабаб Сречко Катанецнинг ниҳоятда талабчанлиги ҳамда сал нарсага федерация раҳбарлари билан тортишувчанлиги бўлган. Табиийки бу нарса раҳбарларга ёқмаган ва улар тезроқ мураббийдан қутулиш пайида бўлган.

Энди Сречко Катанец Ўзбекистон терма жамоасида ишлайди. Унинг олдидаги дастлабки вазифа Осиё Кубогига йўлланма олиш. Агар барчаси муваффақиятли кечса худди Словения каби Ўзбекистонни ҳам ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш ҳам Катанец учун олий мақсад бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Терма жамоамизнинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг фаолиятига назар