21:30 / 14.08.2021
3 043

"Янги бош мураббий борасида хато ўйламаган эканман..." - Икром Алибоев терма жамоа ҳақида

"Янги бош мураббий борасида хато ўйламаган эканман..." - Икром Алибоев терма жамоа ҳақида
Жанубий Корея К-2 лигасида “Тэджон Ситизен” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Икром Алибоев айни пайтда яхши спорт формасига кириб олган.

Биласиз, ушбу легионеримиз Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам ўз ўрнига эга. Оғир жароҳатдан кейин у яна майдонга қайта олди ва терма жамоамизда ҳам яна кўриниш берганини айтиш жоиз. Табиийки, бош жамоамизда Сречко Катанецнинг иш бошлаш арафасида тургани Икром Алибоевни ҳам бефарқ қолдиргани йўқ. Шу боис миллий термамиз аъзоси ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Анчадан бери миллий терма жамоамизни қайси мураббий бошқариши барчамизни қизиқтираётганди. Ниҳоят, ЎФА бу борада Сречко Катанец вариантида тўхталганини маълум қилди. Терма жамоа футболчиси сифатида бош мураббий масаласида шахсий қарашингиз қандай?
- Бу танлов биз учун яхши бўлса керак, деб умид қиламан. Аммо ҳали ушбу мутахассис борасида кўп маълумотга эга эмасман. Раҳбарият шу вариантни маъқул кўрган экан, бу биз учун яхши бўлишини ўйлашган, албатта.

- Ўзингиз ҳам бунга қадар бош жамоамизни ким бошқараркин, дея қизиққанмидингиз? Сир бўлмаса, қайси мураббийларни тахмин қилаётгандингиз?
- Албатта, миллий терма жамоамизни бошқарадиган янги мутахассиснинг ким бўлиши ҳам мен учун қизиқ эди. Бироқ бу борада менда аниқ бир тахмин йўқ эди. Шунга қарамасдан, янги бош мураббий хориждан бўлса керак, деб ўйлаётгандим. Демак, бу вазиятда хато ўйламаган эканман.

- Сречко Катанец номзоди терма жамоамиз ва умуман футболимиз учун ҳар тарафлама мос тушади, деб ўйлайсизми?
- Биласизми, мен ҳали бу мураббий ҳақида кўп маълумотга эга эмасман. Унинг қанчалик мос тушишини билмайман-у, лекин терма жамоамиз ўйинига анчагина янгиликлар киритса керак.

- Терма жамоамизнинг Вадим Абрамов бошчилигида ўта муваффақиятсиз иштирокидан кейин танқидлар кўпайди. Бу борада сиз муаммонинг асл сабаби сифатида нимани айта оласиз?
- Бу хусусида кўп тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Муаммо Саудия Арабистонига мағлуб бўлганимиз.

- Сизнингча, ўзимизда терма жамоа билан муваффақиятларга эриша оладиган маҳаллий мураббий борми? Ёки хорижлик мутахассис ишлагани сиз учун ҳам қулайми?
- Албатта, ўзимизда ҳам яхши савияли мураббийлар бор. Лекин ҳозирги пайтда футболимизга чет элдан мураббий бўлгани маъқул эди. Чунки хорижлик мутахассис хоҳлайсизми-йўқми, янги қон олиб келади.

- Ўзбекистон терма жамосининг жаҳон чемпионати учинчи саралаш босқичига чиқа олмагани Кореяда қандай қабул қилинди?
- Ҳайрон қолишди, албатта. Аммо клубимдагилар хурсанд ҳам бўлишди. Нега деганда, улар мени терма жамоага қўйиб юборишса, клубдаги кўп ўйинларни ўтказиб юборяпман, карантин сабаб. Ўша томондан хазил қилиб, яхши бўлибди дейишди, бироқ бу ҳолат менга умуман ёқмади.

- Одил Аҳмедовнинг терма жамоадаги фаолиятини якунлагани биз учун катта йўқотишми ёки энди унинг ўрнини бемалол тўлдира оладиган ўйинчиларимиз борми?
- Шубҳасиз, Одил Аҳмедовдек футболчининг термадан кетгани биз учун катта йўқотиш. Одил ака улкан тажрибага эга эди, ёшларга ҳар жабҳада ўрнак бўларди. Лекин бу – футбол. Бугун бўлмаса барибир эртага термадаги иштирокини якунларди. Шундай экан, унинг ўрнини энди ёшлар босиши керак. Улардан бири - Азиз Ғаниев. Агар жароҳатлар уни безовта қилмаса терма учун Одил Аҳмедов даражасидаги ўйинчи бўлади.

- Яқинда терма жамоамиз Швейция билан ўртоқлик ўйинини ўтказади ва бу яхши янгилик. Ушбу ўйин бизга нима беради?
- Бу жуда ҳам зўр янгилик. Жаҳонда ўз ўрнига эга жамоа билан ўртоқлик ўйинини ўтказиш термамиз учун улкан тажриба мактабини ўтаб беради. Мана шундай термалар мисолида яна бир бор қанчалик олдинга ўсишимиз кераклигини билиб оламиз. ФИФА кунларида шу каби терма жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказилишини хоҳлардим.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Янги бош мураббий борасида хато ўйламаган эканман..." - Икром Алибоев терма жамоа ҳақида