12:21 / 21.09.2021
1 953

"Олдиндан биргина ниятимиз бўлган - Эронни мағлуб этиш, ўша кун келди"

"Олдиндан биргина ниятимиз бўлган - Эронни мағлуб этиш, ўша кун келди"
Литвада давом этаётган футзал бўйича жаҳон чемпионати ўзининг қизғин палласига кириб боряпти. Унда қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки эса ҳаммамизни ҳаяжонга солаётгани бор гап.

Вакилларимиз тарихда илк бор жаҳон чемпионатида нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Тўғри, биз учун мундиал омадли бошлангани йўқ. Гуруҳ ўйинларини мағлубият билан қарши олдик. Аввалига Гватемалага 4:5, кейин Россияга 2:4 ҳисобларида ютқаздик. Аммо шунда ҳам тақдир тақозоси билан биз учун кейинги босқичга чиқиш имконияти сақланиб қолганди. Бунинг учун Мисрни ютишимиз, Россия эса Гватемалани таслим этиши керак эди. Ҳаммаси якунда биз учун муваффақиятли якун топди.

Футзалчиларимиз мисрликларга қарши ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва бу бизнинг кейинги босқичга чиқишимиз учун етарли бўлди. Бунда терма жамоамиз дарвозабони Равшан Элибоевнинг ҳам қўшган ҳиссаси катта бўлди. У дастлаб Миср терма жамоасига қарши ўйин ҳақида гапирди.

- Миср терма жамоасига қарши ўйинимиз биз учун ўта муҳим эди. Бу ҳис-ҳаяжонга бой ўйин бўлди. Тўғриси, мана шундай ўйин бўлишини олдиндан билгандик ва биз бунга руҳан тайёр эдик.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Ўзбекистон илк турда Гватемалага ютқазиб қўйди. Кейин Россияга қарши яхши ўйнаган бўлса-да, барибир рақиб кучли эди. Хуллас, футзалчиларимиз иккита мағлубиятдан кейин ўзларига кела олгани таҳсинга сазовор. Элибоев жамоа руҳий тушкунликдан қандай чиқиб кетгани хусусида ҳам тўхталди.

- Албатта, бизда озгина руҳий тушкунлик бор эди. Аммо жамоамизда бизни руҳан ҳамда маънан қўллаб-қувватлайдиган мураббийларимиз бор. Улар бизга шу вазиятдан қандай чиқиб кетишимизни ўргатишди. Олдинда ҳали имкониятимиз бор эканлигини ҳис қилган ҳолда Миср билан бўладиган ўйинни биз финалдек қабул қилдик. Шу тариқа, жамоамиз билан ушбу учрашувга руҳан тайёр эдик.

Барибир ҳаммаси ўз қўлимизда эмасди. Чунки россияликларнинг ғалабаси биз учун муҳим эди. Мисрга қарши учрашувда футзалчиларимиз онлайн равишда Россиянинг ўйинидаги натижани билиб туришдими? Умуман айтганда, умид сўнмаганмиди?


- Нафақат ўзимизда, балки жамоадошларимизда ҳам умид бор эди. Барчаси ўз қўлимизда эканлигини билиб тургандик, ҳали ҳеч нима йўқотмагандик. Қизиғи, шу биргина ғалабамиз туфайли жаҳон чемпионатидаги дастлабки ютуғимиздаёқ гуруҳимизда иккинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқишимиз учун етарли бўлди. Биз бунга ишонгандик. Россия ҳамда Гватемала терма жамоалари ўйинига келадиган бўлсак, албатта ушбу учрашув натижасини бевосита ўйин давомида билиб тургандик ва Россиянинг ғалаба қозонишини кутгандик, - деди Элибоев.

Биринчи ўйинда терма жамоамиз дарвозасини Рустам Умаров қўриқлади. Шубҳасиз, у биринчи рақамли посбон. Аммо ўз дарвозасидан бешта гол ўтказгач, кейинги ўйинларда Равшан Элибоевга ишонч билдирилмоқда. Бу дарвозабон эса ўзидан яхши таассурот қолдираётганини айтиш керак.

- Гватемала билан ўйинга тўхталсам, мен бу ўйинда дарвозабонимиз Рустам Умаровни айбламаган бўлардим. Нимагаки, футзал – бу жамоавий ўйин. Албатта, чемпионатдаги биринчи ўйин доимо қийин кечади. Жамоадошларимизда ҳис-ҳаяжон юқори эди. Шу боис ўйин давомида кўплаб хатолар юзага келди. Мана шу хатолар бизга қимматга тушди. Мен эса ўз имкониятимни кутиб келаётгандим. Ҳар сонияда майдонга тушишимни ҳис қилардим. Натижада ўз имкониятимдан фойдаланган ҳолда нимага қодирлигимни ҳамда мураббийимизни бизга берган ишончини оқлашга ҳаракат қилдим. Авваламбор, Рустам Умаровга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. У мени доим қўллаб-қувватлайди. Ўз тажрибаси билан менга тўғри кўрсатмалар беради, - дея фикр билдирди, Элибоев.

Терма жамоамиз нимчорак финалда Эронга қарши ўйнайдиган бўлди. Бу Осиёнинг энг кучли жамоаси. Бизни ўта мураккаб учрашув кутяпти. Уларнинг Аргентинага қарши ўйинини терма жамоамиз аъзолари ҳам диққат билан кузатиб боришди. Эронни қандай ютиш мумкин? Бу хусусида дарвозабонимиз қуйидагиларни айтди.

- Эроннинг Аргентинага қарши ўйинини бевосита трибунадан кузатдик. Ўйин қизиқарли кечди. Аргентина учрашувни назорат қилди. Улар амалдаги жаҳон чемпиони, тўп билан муомала қилиши ҳам юқори даражадалигини кўрсатдилар. Комбинациялари ҳам шунга яраша. Аргентина топ-жамоа эканига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Ўзимиз учун бу ўйиндан кўп маълумот олдик. Эрон бу учрашувда кўпроқ бизга рақиб бўлишни хоҳлагандек кўринди. Шунинг учун ўйинчилари 100 фоиз куч билан ҳаракат қилмагани менда шубҳа уйғотди. Биласизлар, улар биз учун азалий рақиб ҳисобланади.

Жаҳон чемпионатидан олдин Таиланддаги мусобақада уларга қарши ўйнадик. Жамоамиз ўшанда яхши ҳаракат қилди. Ҳисобда бир неча бор олдинда бўлсак-да, кичик хатоларимиз эвазига мағлуб бўлгандик. Бизда Эронга қарши ўйин учун яна уч кун вақтимиз бор. Мураббийларимиз рақибнинг ўйинини ўрганиб чиқишади ва бизга керакли кўрсатмаларни айтадилар. Бизни олдиндан биргина ниятимиз бўлиб келган – Эронни мағлуб этиш. Ўйлашимча, ўша кун келди. Бу учрашув биз учун худди финалдек бўлади, 100 фоиз кучимизни сарфлаймиз. Ўзбек футзали тарихини яна янгилашга ҳаракат қиламиз.

Албатта, жаҳон чемпионатида олдимизга қўйилган мақсад – бу гуруҳдан чиқиш эди. Биз бу вазифани уддаладик. Ўз йўлимиздан тўхтаб қолмаймиз. Ҳар доим олдинга интилишда давом этамиз. Эронни қандай ютиш мумкин? Уларни тўп билан муомала қилишини чеклашимиз ва ўйинни ўз тизгинимизга олишимиз керак. Камроқ хатоларга йўл қўйишимиз лозим. Қолаверса, имконият яратдикми, албатта ундан фойдаланишимиз ҳам муҳим
.

Одатда, футзалда тўп сураётган аксарият ўйинчилар катта футбол орқали кириб келганлар. Бу борада Равшан Элибоев қандай қилиб футзалчига айлангани хусусида ҳам гапирди.

- Биламиз, футзалга аксарият ўйинчилар катта футболдан кириб келишади. Мен ҳам шу тариқа футзалга кириб келганман. Мени футзал ўйнашимга туртки бўлган инсон акам – Нодир Элибоев бўлган. Менга керакли маслаҳатларни берган. Футзалда ўзимни синаб кўрдим ва менга маъқул келди. Шундай қилиб, футзал менинг ҳаётим мазмунига айланди.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Олдиндан биргина ниятимиз бўлган - Эронни мағлуб этиш, ўша кун келди"