08:28 / 05.10.2021
1 461

МДҲ давлатлари нега паралимпиадада ёзги олимпиададан яхшироқ қатнашади?

МДҲ давлатлари нега паралимпиадада ёзги олимпиададан яхшироқ қатнашади?
Халқаро паралимпия қўмитаси президенти бразилиялик Эндрю Парсонс Ўзбекистонга амалга оширган уч кунлик ташрифи давомида Самарқанд шаҳрида ҳам бўлди. Кўҳна шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилган жаноб Парсонс Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.

– Жаноб Парсонс, Ўзбекистонга биринчи марта келдингиз, таассуротларингиз қандай?
– Жуда яхши. Ўзбекистонни паралимпия ўйинларидаги муваффақиятли иштироки орқали билардим. Бу давлат қандай қилиб бундай муваффақиятга эришаётгани, мамлакатда паралимпия ҳаракати қандай ривожланаётганини билиш учун бу ерга келишим ва миллатнинг тарихи билан танишишим фойдали бўлди.

– Охирги икки паралимпия ўйинларида Ўзбекистон муваффақиятли қатнашди. Қайси ишлар тўғри қилиняптики, натижалар бу қадар яхши деб ўйлайсиз?
– Бу борада икки асосий омил бор: ҳукумат қўллаб-қувватлови ҳамда миллий паралимпия қўмитасининг ҳаракати. Ўзбекистонда бу икки омил бир-бирини тўлдира оляпти. Ҳукумат керакли шароитларни қилиб берган ва миллий паралимпия қўмитаси қайси ҳаракат йўналиши тўғри эканини билади. Асосийси тизим бор ва атлетларни аниқлаш бўйича яхши ишлашмоқда. Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тўғри йўлда экани Токиода кўплаб медаллар қўлга киритилиши орқали кўринди. Ривожлантириш керак бўлган нарсалар ҳам бор. Масалан, кўпроқ спорт турлари билан шуғулланишни йўлга қўйиш керак.

– Беларусь, Украина, Ўзбекистон каби МДҲ давлатлари оддий олимпиада ўйинларига қараганда паралимпия ўйинларида муваффақиятлироқ иштирок этади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега шундай?
– Бу борада аниқ фарқни айтиш қийин, лекин юқорида айтганимдек барчаси ҳукуматнинг эътибори ва миллий паралимпия ҳаракатига боғлиқ. Ҳар қанча ғалати бўлмасин, паралимпия ҳаракати оддий спортдан ўзгача ривожланиш йўналишига эга бўлиши, бошқача даражада ривожланиши мумкин. Шунингдек, аҳолининг алоҳида қатламига жиддий эътибор қаратиш орқали ҳам муваффақиятга эришиш имкони бор.

Собиқ иттифоқ давлатлари орасида Ўзбекистон етакчилардан бири. Шунингдек, Озарбойжон ҳам яхши. Масалан, Украинада паралимпиячилар учун бир нечта махсус шуғулланиш марказлари ташкил этилган ва бу муваффақият омили бўлиб хизмат қилмоқда.

– Халқаро паралимпия қўмитасининг Ўзбекистонда қандайдир режалари борми?
– Бу борада қатор музокараларда қатнашдик. Ўзбекистонга паралимпия ҳаракатини ривожлантириш учун турли хил режалар орқали ёрдам беришимиз мумкин. Шунингдек, йирик мусобақаларни Ўзбекистонга бериш орқали ҳам мамлакатдаги паралимпия ҳаракатини қўллашимиз мумкин. Катта мусобақалар мезбонлиги мамлакатдаги паралимпия инфратузилмасига ижобий таъсир қилади.

Ўзбекистон паралимпия ҳаракати жуда тўғри йўлдан бормоқда ва қолган мамлакатлар ҳам бу ишлардан хабар топиши керак деб ўйлаймиз. Шу мақсадда бу ерда бош ассамблеянинг турли хил учрашувларини Ўзбекистонда ўтказишимиз мумкин. Бу ердаги ҳукуматнинг спортга, хусусан, аҳолининг алоҳида қатлам вакилларига эътибори нафақат Марказий Осиёда, балки дунёда ҳам намуна қилиб кўрсатгулик. Шу сабабдан бу ерда ташкилотимизнинг учрашувларини ўтказиш орқали бошқаларга ҳам Ўзбекистон тажрибасини кўрсатмоқчиман.

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » МДҲ давлатлари нега паралимпиадада ёзги олимпиададан яхшироқ қатнашади?