22:00 / 07.10.2021
1 869

Усмон Тошев бир ой олдин: "Бу ер менинг уйим". Усмон Тошев бугун: "ЎФАда иш бошладим"

Усмон Тошев бир ой олдин: "Бу ер менинг уйим". Усмон Тошев бугун: "ЎФАда иш бошладим"
Ўзбек футболи кечаги гап бугунга тўғри келмайдиган бир даврни бошдан кечиряпти. Бундан роппа-роса бир ой олдин сайтимизда "Нурафшон" (собиқ "Бухоро") клубининг бош мураббийи Усмон Тошевнинг интервьюси чоп этилганди. Ўшанда ёш ҳамкасбимиз Фахриддин Рўзиев бухоролик мураббий билан интервью уюштирган.

Суҳбатда бир қатор мавзулар тилга олинган. Масалан, "Бухоро" номининг "Нурафшон"га ўзгариши, Тошевнинг клуб бош директорлигига таклиф этилгани-ю, лекин амалда бош мураббий бўлиб қолгани, клуб билан 2025 йилгача шартнома имзолагани, футболчиларни 5 йиллик шартномага имзо чектиргани ва ҳоказо.

Усмон Тошевдек мутахассис клуб билан 2025 йилга қадар шартнома туздими, демак унинг режалари улкан бўлган. Лекин бугун кўрдикки, у ЎФА Терма жамоалар бўлими бошлиғи лавозимида иш бошлади. Бу хафарни ЎФА ҳам тасдиқлади.

Фахриддин Рўзиевнинг "Тожикистон терма жамоасидаги фаолиятдан сўнг нега айнан "Бухоро"га қайтдингиз?" деган саволига Усмон Тошев "Бу ер менинг уйим, ҳозир барчасини тартибга солишнинг вақти келди" деб жавоб берган.

ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев 18 июнь куни ўзининг телеграм каналида шундай пост қолдирган экан:
"Бухорога қайтаётган Усмон Тошев билан кўришиб, гаплашиб олдик. Футболни тушунадиган мутахассиснинг келиши биринчи яхши қадам.

Сўнгги 1 йилда ишлаган инсонлар шахсиятини ҳурмат қилиб айтаманки, улар Бухоро футболига ҳеч нарса беришмади, фақатгина муаммоларини кўпайтиришди холос. Улар натижа учун айбдор сифатида ҳакамни, бошқа ҳамма нарса учун ЎзПФЛни рўкач қилиб, ўз мухлисларини алдашади ва фитнага сабаб бўлишади. ЎзПФЛ Бухорода футбол қайта жонланишидан ва кўҳна шаҳар жамоаси чемпионлик учун курашишидан доим манфаатдор. Биз шунчаки ўз талабларимизни қатъий қўямиз. Ҳозир баҳона қиладиган эмас, ишлайдиган вақт
".

Бугун эса вазият ўзгарди. Нимадир бўлди-ю, Тошев "Бухоро"ни тарк этди. Клубнинг режалари, кейинги йил учун мақсади ва айниқса асосий стадионда бўлаётган таъмирлаш ишлари яна қоғозда қоладиган бўлди.

Усмон Тошевнинг ЎФАда фаолият олиб бориши ўзбек футболига қанчалик фойда беришини вақт кўрсатади, лекин бир нарсани унутмайлик, биз авваламбор кучли клубларга эга бўлмас эканмиз, футбол бундан ҳеч нарса ютмайди. Энди тасаввур қилинг, "Бухоро" клубининг режалари нима бўлади? Тошев клубга қайтгач, 2025 йилга қадар шартнома тузганди. Нега иш фаолияти ҳатто ярим йилга бормади?

Кеча катта ниятлар билан енг шимариб ишга киришган мутахассис бугун ўзини бошқа жойда ва бошқа лавозимда кўраётган бўлса, билингки, футболимиз ривожига ҳали бир қанча қовун пишиғи керак бўлади.

Х.Холиқов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Усмон Тошев бир ой олдин: "Бу ер менинг уйим". Усмон Тошев бугун: "ЎФАда иш бошладим"