Европа ва Осиё минтақасидаги турли мавсумларни ёритишга ихтисослашган www.eurasianet.org сайти Элдор Шомуродов ва унинг оиласи ҳақида мақола эълон қилди.
Ушбу материалда Европанинг энг кучли лигаларида ўз маҳоратини кўрсатаётган Шомуродов кўплаб ўзбекистонлик ёш футболчиларга илҳом бағишлаётгани алоҳида тилга олинган. Мазкур сайт ижодкорлари мақола тайёрлаш жараёнида Элдорнинг оила аъзолари билан ҳам боғланган. Бу ҳақда sports.uz хабар берди.
– Ҳадича Шомуродова суҳбат чоғида ҳаяжон ва қувончини яшира олмади, – деб ёзади Eurasianet.org сайти.
18 август куни у таваллуд айёмини нишонлаётган пайтда футболчи набираси Элдор УЕФА Конференциялар лигаси саралаш босқичида «Рома»даги биринчи расмий учрашувида «Трабзонспор» дарвозасига римликлар сафидаги илк голини урди.
Аслида тўпурарлардан учрашувдан кейин интервью олиш анча зерикарли иш. Улар, одатда, сийқаси чиқиб кетган оддий гапларни такрорлайди холос. Лекин 26 ёшли Шомуродов барча стереотипларни синдириб ташлаб, журналистга ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган итальян тилида голни севимли бувисининг туғилган кунига бағишлаганини айтди.
– Мен жуда хурсанд бўлдим ва бахтдан йиғлаб юбордим. Мен унинг нималар деганини тушунмадим, қулоғимга мен яхши кўрган ва соғинган овоз кирди холос, – дейди Ҳадича Шомуродов Eurasianet.org сайтига.
Кейинроқ, унинг фикру хаёли бувиларга хос меҳрибонлик билан йўғрилди.
– Базўр, «раҳмат Элдор», – дедиму, кейин қўшимча қилдим: «Бир неча бор йиқилдинг, ҳаммаси жойида, деб ўйлайман».
Қайсидир футболчи йиқилганини кўрсам, юрагим ачишади. Элдор йиқилса ўзимга-ўзим: «Ўрнингдан тур, болам, дейман», – дейди Ҳадича она.
Ҳадича Шомуродова футболчилар оиласининг энг ёши улуғ кайвониси. Шу боис, у ўзи томоша қилган учрашувлар саноғини чалкаштириб юборган. Лекин Элдорнинг ўйинларини бошқалари билан тенглаштириб бўлмайди. У Шомуродовлар сулоласида биринчи бўлиб, Европа футболига ёриб кирди.
Бувининг жароҳатлардан чўчиб қолганига ўзига яраша сабаблар бор.
Ҳадича онанинг ўғли, Элдорнинг отаси Азамат Шомуродов 1990 йилларда маҳаллий «Сурхон» жамоаси сафида Сурхондарё вилояти шарафини ҳимоя қилган. Оғир жароҳат туфайли спортдан кетишга мажбур бўлган.
Ўзининг келажаги армонга айланганидан кейин Азамат Шомуродов бор эътиборини ўғилларининг профессионал футбол лигаларида ўйнаб, орзусини рўёбга чиқаришига қаратди.
Тўнғич ўғил Санжар, ҳозир 40 ёшда, 2008-2013 йиллар Қашқадарё вилоятининг «Шўртан» жамоасида ўйнади. Лекин фаолияти бирдан тўхтади.
– 2013 йили машғулотлар чоғида пайим чўзилиб қолди. Тўрт йил даволанишимга тўғри келди. 2017 йили «Сурхон» сафида катта футболга қайтдим. Бир йил ўйнаганимдан кейин, яна фаолиятимни тўхтатишга мажбур бўлдим, – дейди Санжар Eurasianet.org мухбирига.
Ҳозир Санжар Шомуродов Сурхондарё футбол федерациясини бошқармоқда. У укаси билан фахрланади.
– Мен укам Элдорга чин дилдан ҳавас қиламан. Ҳар ҳолда, орамиздан бир киши Европа футболига қадам қўя олди. Бу оиламизнинг орзуси ва мақсади эди, – дейди Санжар.
Санжардан 14 ёш кичик бўлган Элдорни 11 ёшида Жарқўрғондан 300 километр узоқда жойлашган «Машъал» футбол мактабига беришди.
Жарқўрғон – Афғонистон чегарасидан 70 километр масофада жойлашган 20 минг аҳолига эга кичик шаҳарча. Ёзи жазирама иссиқ, баъзан ҳарорат 50 даражагача кўтарилади.
Лекин буларнинг бари ҳозир иккинчи даражада. Бугунги кунда Жарқўрғон аҳолисининг эътибори «Рома» клубига, унинг машҳур мураббийи Жозе Моуриньо ва албатта, Элдорнинг ўзига қаратилган.
– Элдор менга ўзбеклар ва итальянлар ўртасида кўп ўхшашликлар борлигини айтиб берди. Италияликлар ҳам ўзбеклар сингари сершовқин оилавий ўтиришлар ва миллий таомларини яхши кўраркан. У бир неча итальянча таомлар номини айтдию, мен эслаб қололмадим, – деди Ҳадича Шомуродова.
Шомуродов ҳар гал Ўзбекистонга келганида, биринчи навбатда, Термиздаги болалар уйини зиёрат қилади.
– Болалар уйида Элдорни доим кутишади. Укам совға-саломлар билан келади ва моддий ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари, Термиздаги стадионда Элдорнинг мухлислари бўлган 300 нафардан зиёд ёш футболчилар учун мастер-класс кўрсатамиз, – дейди Санжар.
Европанинг энг кучли лигаларидан бирига кириб келган Элдор Шомуродовнинг ютуқлари ўзбекистонлик ёш футболчиларнинг катта иштиёқига сабаб бўлди. Мамлакатда минглаб болалар футбол мактабларига ҳужжат топшира бошлади.
– «Трабзонспор» билан учрашувдан кейин Элдор итальян тилини яхши билмаслиги сабабли Моуриньо билан мулоқотда қийинчилик борлигини айтди. Мен набирам итальянчани тезроқ ўрганиб олишини орзу қиламан. Жозе Моуриньога Элдорим итальянчани албатта ўрганиб олишини айтиб, унгача мураббийдан набирамни қаттиқ уришмай туришини сўрайман, – дейди Ҳадича Шомуродова. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Россия томонидан учирилган иккита дрон Молдова ҳудудига қулаб тушди