Афсуски, охирги пайтларда Суперлигамизда можароли вазиятларга ўзимиз истамасак ҳам такрор ва такрор гувоҳ бўлишимизга тўғри келяпти. Мақоладаги сарлавҳа орқали гап нима ҳақда кетаётганини пайқаганингизга ишонамиз. Ҳакамлар мавзуси асосий ўринга чиқиб қолди. Уларнинг қарорлари туфайли бир қатор жамоаларнинг бош мураббийлари томонидан матбуот анжуманларида жуда кескин фикрлар айтиляпти. Шу билан бирга майдонларнинг талаб даражасида эмаслиги ҳам жиддий танқид остига олинаётгани бор гап.
23 октябрь куни Суперлиганинг 23-турида “Локомотив” сафарда “Қўқон-1912” жамоасига қарши ўйнади. Унда майдон эгалари рақибини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратганини биласиз. Ўша учрашувдан кейин “Локомотив” клубининг португалиялик бош мураббийи Микаэль Секейра матбуот анжуманини “ёндириб” юборди-а? У шу қадар жахл устига мингандики, ўзбек футболида ушбу тизим ишласа, мутлақо жаҳон чемпионатига чиқа олмаслигини бот-бот айтиб, ҳакамларга эътиборни қаратди. Шу ўринда ўша матбуот анжуманида Секейранинг гапларини яна бир бор эслаб ўтсак.
- Бугун жуда қийин ва тажовузкор ўйин бўлди. Дастлабки 20 дақиқада Қўқон жамоаси жуда агрессив ўйнади ва сариқ карточкаларга “сазовор” бўлганди. Ҳакамлар эса уларни шундай ўйин кўрсатишига қўйиб беришди. Биринчи голни такроран кўрганимизда Бамба қўли билан уриб кетди. Иккинчи бўлимда “Локомотив” ўйин услубини бироз ўзгартирди. Натижада биринчи бўлимга нисбатан анча яхши ўйин кўрсатдик. 1:1 бўлиб турган маҳалда қарши ҳужумда Диёр Туропов яхши имкониятга чиқаётганида кўпчилик кўрган ҳолда айтяптики, уни формасидан тортиб қолишди. Аммо ҳакам эътибор қилмади.
- “Локомотив”ни “Сўғдиёна”, “Пахтакор” ва “Насаф”га қарши ўйинлари қолди. Бунга қандай қарайсиз, очко олишинглар мумкинми?
- Аввало, ҳаракат қиламиз. Аммо бугун ютқазмаслигимиз керак эди. Ечиниш хонасида футболчиларимиз хафа. Бугунги ўйинни бошқарган ҳакам бизнинг учта ўйинимизни бошқарган бўлса, учаласида ҳам мағлубиятга олиб келган. Ёдингизда бўлса, “Бунёдкор” билан ўйнаганимизда ҳам охирги дақиқада тўп учун ўйналган вазиятда пенальти белгилаганди. Ўшанда рақиб 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб кетган. Бугунги ҳакамликдан ўзим ҳам хафа бўлиб кетдим. Португалиядан келиб ҳаётим давомида бунақа ҳакамликни кўрмаганман. Ўз фикримни айтаман: Ўзбекистон футболини кўтарилишига битта йўл бор! Тўғри, академиялар бор, очиляпти, аммо бу нарса масалани ҳал қилиб бермайди.
Ўзбек футболи УЕФАга аъзо бўлсагина кўтарилади. Ўзбекистон Осиёда юраверса, бунақа тизим билан ҳеч қачон жаҳон чемпионатига чиқа олмайди. Ўзбекистон УЕФАга аъзо бўлса, ҳамма нарсага эришади. Ана шунда чемпионат кўтарилади, футболчиларни бир-бирига меҳри бошқача бўлади, майдонда бир-бирини уриб синдиришмайди. Бу ердан кун келиб кетадиган бўлсам ҳам жуда хафа бўлиб кетаман. Насиб бўлса, чемпионат тугаганидан кейин бир ойдан сўнг уйимга жўнайман. Ўзбекистонда яхши иқтидорли футболчилар бор. Лекин яхши ҳакамлар, академиялар кўпаймаса, УЕФАда бўлмаса Ўзбекистонда ҳеч қанақа имконият бўлмайди ва ҳеч қачон жаҳон чемпионатига чиқа олмайди. Мен Ўзбекистонга омад тилайман. Бу ерда яхши одамлар кўп. Аммо бундай тизим билан имконият бўлмайди, пастга қараб чўкиб кетаверади, - деганди ўша матбуот анжуманида.
Ҳа, бу жуда кескин ва жиддий танқид! Секейра бундай муносабат билдириш учун бирданига жунбушга келгани йўқ. Ҳаммаси йиғилиб-йиғилиб охири Қўқондаги ўйинда “ёрилди”. Шу баҳонада у ичидаги гапларни оммага тўкиб-солди. Унинг матбуот анжуманидаги видеоси интернет тармоғида шу қадар тез тарқалдики, ҳатто футболга қизиқмайдиганлар ҳам биздан чет эллик мураббий ҳақида сўрай бошладилар.
Секейранинг гаплари айниқса, Португалияда ҳам анча шов-шувларга сабаб бўлганга ўхшайди. Чунки Секейра ўз юртида ҳурмат қозонган ва кўзган кўринган мутахассислардан бири. Шунинг учун унинг матбуот анжуманидаги фикрлари португалиялик ҳамкасбларимизнинг ҳам эътиборини тортибди. Натижада нуфузли нашрлар томонидан ўша видеоси Португалияда ҳам кенг тарқалди. Жумладан “A BOLA” Секейранинг ўша матбуот анжуманидаги видеосини ва нима ҳақда гапирганини ўз саҳифаларида ёритди. Тўғриси, бу аслида бизни хурсанд қиладиган ҳолат эмас. Чунки хорижлик мураббийнинг сабр косаси тўлиб, ичидаги бор гапларни оммага айтди ва бундан бошқа юртдагилар ҳам хабар топяпти.
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Португалиялик мураббийлардан бири Бруно Перрейрани зукко ўқувчиларимиз яхши эсласалар керак. Бир неча ой илгари у билан суҳбатни Sports.uz сайтида чоп этгандик. Бугун ўша мураббий менга линк юборди ва нима бўляпти деб сўради. Қарасам, Португалиядаги бошқа нашр – “OJOGO” ҳам Секейранинг фикрларига эътибор қаратиб, матбуот анжуманидаги ўша видеони сайтига жойлаган. Шулардан билиш мумкинки, “Локо” устозининг билдирган танқиди ўз юртида ҳам яхшигина овоза бўлиб кетган.
Аммо бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида Суперлига ҳакамлари вa журналистлар иштирокида семинар ташкил этилди. Унда охирги ўйинларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ўйинлардаги ҳакамларнинг қарорлари муҳокама қилинди. Унга кўра, “Қўқон-1912” – “Локомотив” жамоалари иштирокидаги ўйиндаги асосий вазиятлар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Қизиғи, Секейра эътироз билдирган эпизодлар, айниқса, мезбонларнинг голлари тоза киритилгани маълум бўлди.
ПФЛ матбуот хизматининг хабарига кўра, бир қатор мураббийларнинг ишлари қўмитага оширилди ва уларнинг орасида Секейра ҳам бор. Жумладан хабарда шундай дейилади:
“Шунингдек, Суперлиганинг мазкур туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Локомотив” (2:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Микаэль Секейра ўз фикрларини билдириб ўтди. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси португалиялик мураббий фикрларини ҳурмат қилади ва ҳар қандай ҳолатда ҳам уни Регламентга амал қилишга чақиради. Унга кўра, учрашув ҳакамларини танқид қилишга чеклов қўйилмаган. Шунчаки, ҳакамлик масаласида хатолар кузатилган бўлса, ёзма равишда шикоят киритилиши кераклиги ва бу борадаги йўл-йўриқлар Регламентда ўз ифодасини топган. Регламентнинг 18.19-бандидан келиб чиқиб, Секейра иши интизом чораси қўллаш учун Тартиб-интизом қўмитасига оширилди”.
Шуҳратбек Жўраев
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
Самарқандда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланди
Кўкрак бези саратони сабаблари, белгилари ҳамда уни даволаш