00:10 / 10.11.2021
2 018

"Бу ўйин кўпроқ Ўзбекистонга фойда беради, терма жамоадан тушган таклифни рад этганман" - Шота Арвеладзе

"Бу ўйин кўпроқ Ўзбекистонга фойда беради, терма жамоадан тушган таклифни рад этганман" - Шота Арвеладзе
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 15 ноябрь куни Тбилисида Грузияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Айни пайтда Сречко Катанец бошчилигидаги вакилларимиз тайёргарлик кўришяпти.

Грузия миллий терма жамоаси биз учун яхши рақиб. Чунки Европадаги рақиблар билан ўйинлар ҳар томонлама жамоамиз учун фақат фойда беради. Ушбу учрашувдан иккала томоннинг ҳам кўзлаб қўйган мақсадлари бор, албатта.

Грузия – Ўзбекистон қарама-қаршилиги бу илк тўқнашув эмас. Ёдингизда бўлса, 2017 йили биринчи марта бу терма жамоалар майдонда беллашишган. Ўша ўйинда жанговар дуранг – 2:2 ҳисоби қайд этилган бўлиб, терма жамоамиз сафида Элдор Шомуродов дублга эришган. Бу эса ушбу жамоаларнинг ўзаро иккинчи учрашувига айланмоқда.

Грузия томонларда ҳам терма жамоамиз билан ўйинга қизиқиш чакки эмас. Албатта, грузияликларни олдинда Швецияга қарши жуда муҳим ўйини кутиб турибди. Чунки уларнинг ҳам ўз олдига қўйган мақсади бор.

“Пахтакор”да бир неча йил ишлаб совринларни ютган ва мухлисларнинг ишончини қозонган грузиялик Шота Арвеладзе учун ҳам Грузия – Ўзбекистон беллашуви алоҳида аҳамият касб этса ажаб эмас. Чунки Арвеладзе футболчилик фаолиятида Грузия терма жамоасида ҳам кўплаб ўйинлар ўтказган, тўпурар мақомини ҳалигача ўзида сақлаб турибди. Sports.uz мухбирининг мазкур ўйинга тааллуқли саволларига Шота Юстинович баҳолиқудрат жавоб қайтарди.

- Шота Юстинович, яқинда Тбилисида Грузия ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоалари иштирокида ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Бу ўйинни стадионда кузатасизми? Умуман, ўйин олдидан нималар деган бўлардингиз?
- Ушбу ўйинни стадионда эмас, балки телевизор орқали уйимда томоша қилмоқчиман. Ўйлайманки, Грузия – Ўзбекистон терма жамоалари иштирокида ўтадиган ўртоқлик учрашуви қизиқарли кечса керак.

- Грузиянинг бугунги кучига қандай баҳо берасиз? Рақиб Ўзбекистондан анча кучлими?
- Менимча, иккала терма жамоа тенг кучга эга. Терма жамоамизнинг Ўзбекистондан кучли демаётганимнинг боиси шуки, бизникилар барқарор ўйин намойиш эта олмайдилар.

- У ерда сиздан Ўзбекистон термаси ҳақида сўрашяптими?
- Ҳозирча мендан ўртоқлик ўйинидаги рақиб – Ўзбекистон ҳақида ҳеч ким сўраётгани йўқ. Айтишим керакки, барчанинг диққат – эътибори Швецияга қарши кечадиган бўлажак беллашувга қаратилган.

- Сизни Грузия терма жамоасига ҳам таклиф қилишганди-а?
- Албатта, мендан Грузия миллий терма жамоасини бошқаришни сўрашган. Аммо ўз хоҳишимга кўра, бу таклифни рад этганман. Бунинг сабабини тушунтириб ўтишни истамаган бўлардим.

- Тбилисида бўладиган ўйинда қандай ҳисобни кутяпсиз ва ушбу қарама-қаршилик кўпроқ кимга фойда?
- Бу ўйин иккала терма жамоага бирдек фойдали. Бинобарин, Ўзбекистон терма жамоасига кўпроқ фойда беради. Чунки терма жамоангизни янги бош мураббий бошқаришга киришган.

- Дарвоқе, куни кеча “Пахтакор” навбатдаги чемпионлигини нишонлади...
- Ҳа, албатта. “Пахтакор”нинг чемпионликка эришганлиги билан менга ҳам бу қувончни етказган одамлар бўлди. Уларни табриклайман.

- Ўзингиз ҳақингиздаги охирги янгиликни айта оласизми?
- Хизматимга кўз тикаётган бир нечта клублар йўқ эмас, албатта. Аммо ҳозирча таклифларни ўрганиб чиқяпмиз. Вазият қандай якун топишини эса вақт кўрсатади.

- Футболсиз зерикаётгандирсиз?!
- Бўлмасам-чи, албатта зерикяпман. Ахир ҳаёти футбол билан чамбарчас боғлиқ одамга севимли ўйинисиз кўп нарса зерикарли туюлади.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Бу ўйин кўпроқ Ўзбекистонга фойда беради, терма жамоадан тушган таклифни рад этганман" - Шота Арвеладзе