1 961
"Ўзбекистонга қарши кучли таркибни тушираман, рақиб ўйинини ўзимиз учун кашф қилдик" - Вилли Саньол
15 ноябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда Грузияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Бу ўйин барчамиз учун муҳим ва қизиқ. Кузатиб бораётган бўлсангиз сайтимиз орқали ҳам мазкур ўйин арафасида турли мақола ва суҳбатларни сиз ўқувчиларга ҳавола қилиб боряпмиз.
Грузия миллий терма жамоасини айни пайтда франциялик мураббий Вилли Саньол бошқариб боряпти. Уни сизларга алоҳида таништиришнинг ҳожати йўқ. Сабаби, зукко ишқибозларимиз унинг кимлигини яхши билишади. Франция терма жамоасида ҳам ажойиб ўйинлар ўтказган ва кўплаб ютуқларга эришган. Футболчилик фаолиятининг катта қисмини “Бавария”да ўтказган Саньол бутсаларини михга илганидан кейин ўзини мураббийликка бағишлади. Франция U-21, “Бордо”, “Бавария”даги мураббийлик фаолиятидан кейин энди Грузия терма жамоаси устози сифатида ишлаб келяпти.
Ўзбекистон терма жамоасининг Грузияга қарши ўйини олдидан айнан Вилли Саньол билан эксклюзив суҳбат уюштиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйгандик. Чунки бу мухлисларимиз учун ҳам қизиқ эди. Аммо франциялик мураббий билан дарҳол алоқа ўрнатиш осон эмаслигини ҳам яхши тушуниб тургандик. Шу боисдан Грузия футбол федерацияси матбуот хизмати вакили Отар Гиоргадзе билан боғландик. Унга ўзимизнинг истагимизни билдирганимиздан кейин Вилли Саньол билан суҳбат уюштиришимизга қарши бўлмади.
- Жаноб Саньол, айтинг-чи, Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ўйинга розилик билдирганингизнинг асосий сабаби нимада?
- Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйнаш – бу доим бизга қизиқарли. Ушбу терма жамоа таркибида кўплаб ажойиб футболчилар мавжуд. Улар қайсидир маънода бизга ўхшаб ўйнашади. Аммо бутун дунёдаги футболдан биз ва уларнинг футболи бироз фарқ қилади, деб айтсам ҳам бўлади. Бизда ўзгача услуб мавжуд. Менинг футболчиларим учун олдиндаги учрашув жуда ҳам қизиқарли бўлиши кутиляпти ва бунга ишонаман.
- Мазкур ўртоқлик учрашуви олдидан Ўзбекистон футболи ва терма жамоамиз ҳақида нималарни билдингиз?
- Ўзбек футболи ҳақида гапирганда афсуски, у қадар кўп нарсани билмайман. Чунки Ўзбекистон Осиё футбол конфедерацияси таркибига киради. Шу боисдан уларнинг иштирокидаги ўйинларни доим ҳам кузата олмаймиз. Жуда камдан-кам кўзимиз тушади. Лекин бўлажак беллашув олдидан Ўзбекистон термасини имкон қадар ўрганиб чиқдик ва ўйинини ўзимиз учун анча-мунча кашф этиб олдик.
- Грузия Швецияга қарши ўйин ўтказди. Энди Ўзбекистон билан учрашувда иккинчи таркибдан фойдаланмоқчимисиз?
- Йўқ, албатта! Таркибда баъзи-бир ўзгаришларни амалга оширишим мумкин. Лекин Ўзбекистон терма жамоасига қарши учрашувда жамоамнинг энг кучли таркибини майдонга тушираман ва буни кўришни хоҳлайман.
- Грузия терма жамоасини бошқаришингизга нима мотивация берди? Бу ерда сизнинг асосий вазифангиз қандай?
- Сабаби, менга катта лойиҳани кўрсатишди ва мени ишонтира олишди. Биласизми, мен айнан мана шундай лойиҳаларда ишлашни ўзимга мақсад қилиб олганман. Менга ҳам шундай ишлар ёқади. Бу Грузия футболи – кучли лойиҳа. Ҳаммаси шунчаки бугун эришиладиган натижалардан иборат эмас. Ҳозирда ушбу лойиҳа устида ишлаяпмиз. Бу эртага ўтадиган ўйинимиз, ғалабамиз ёки мағлубиятимизга қараб ўзгариб қоладиган ҳолат эмас.
- Ўзбекистон терма жамоасининг қудратини нимада деб ўйлайсиз?
- Биз Ўзбекистоннинг Швеция термасига қарши ўтказган ўйинини кўриб чиқдик. Амин бўлдикки, Ўзбекистон – кучли жамоа. Айниқса, сизларда ҳужумга ўтиш жараёни жуда яхши йўлга қўйилган. Бу борада ўйинчилар тез ҳаракат қила оладилар. Ўйлайманки, бўлажак учрашувда менинг жамоам бундан эхтиёт бўлади ва бунга қарши ҳаракат қила олишади.
- Сиз кўп йиллар давомида “Бавария”да ўйнагансиз. Кейин эса шу клубнинг ўзида мураббий сифатида тажриба орттирдингиз. Сиз учун клубдан кўра терма жамоада ишлаш муҳимроқми?
- Клуб ва миллий термада ишлаш – умуман бошқа-бошқа масалалар. Яъни, уларни бир-бирига солиштириш ва қайси биринидир яхшироқ деб айтиш қийин. Аммо мен ҳозирги пайтда амалга ошираётган ишимдан ҳамда ҳаётимдан мамнунман. Айни пайтда бошқа қандайдир иш билан машғул бўлишни тасаввур ҳам қила олмайман. Тўғри, охирги ҳафталардаги Грузия терма жамоасининг натижалари ва ўйини ажойиб бўлди. Мана шундай яхши ўйин ҳамда натижалар кўрсатаётганимиз ҳам менга Грузия терма жамоасидаги бош мураббий сифатида ишимни давом эттиришимга катта мотивация беряпти.
- Сизни юртимизда ҳам жуда яхши билишади ва ҳурмат қилишади. Ўзбекистонлик мухлисларга қандай тилакларингиз бор?
- Биламан, барчамиз жаҳон чемпионати саралашида кураш олиб боряпмиз. Шундай экан, ҳаммамиз ҳам мундиал орзусида яшаяпмиз. Ўйлайманки, ўзбекистонлик мухлислар учун ҳам ўз миллий терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўриш энг катта орзу ҳисобланади. Шу жиҳатдан уларга ўз терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўришни тилаб қоламан. Мундиалда яшаш ва ўз жамоаси билан у ерда иштирок этиш – бу бутун ҳаётга татигулик катта тажриба ва буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Мен ўзбек мухлисларига мана шуларни тилай оламан.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига етиб борди (фото)
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди
"Майк Тайсон - Жейк Пол" бокс оқшомининг барча иштирокчилари билан танишинг
Нима учун айнан кузда кўпроқ киви истеъмол қилиш керак?
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди