16:53 / 26.11.2021
1 725

Моуриньодан янги мотивация: у «Женоа»га гол урган футболчига қимматбаҳо кроссовка совға қилди

Моуриньодан янги мотивация: у «Женоа»га гол урган футболчига қимматбаҳо кроссовка совға қилди
«Рома» 21 ноябрь, якшанба куни «Женоа» устидан ғалаба қозонди (2:0). Андрей Шевченконинг генуяликлар бош мураббийлигидаги дебют ўйини омадли бўлишига 18 ёшли Феликс Афена-Гьян халақит берди.

Коллаж: «Sports.ru»
Моуриньо ўйин охирлаб бораётганда Элдор Шомуродов ўрнига Феликсни майдонга туширди. Португалиялик мутахассис танловда адашмади: Афена-Гьян дублга эришди, биринчи голидан сўнг уни нишонлаш учун Жозенинг ёнига югурди. Ўйиндан аввал, агар ганалик йигитча ўзини кўрсата оладиган бўлса, Моуриньо унга совға ваъда қилган.

«Мен Феликсга ўзи яхши кўрадиган 800 евролик кроссовкани совға қилишни ваъда қилдим. Шунинг учун у менинг ёнимга келди ва ваъдамни унутмаслигимни айтди. Эртага эса у учун кроссовкани сотиб оламан», — деди Моуриньо ўйиндан сўнг.

Жозе айтди — Жозе бажарди. Феликснинг бунга муносабати: ёш ҳужумчи Balenciaga Speed’га эга бўлди ва хурсандчилигидан рақсга ҳам тушди.

«Сиздан абадий миннатдорман, сер! Ҳали мен билан фахрланасиз», — деб ёзди Гьян ўз Instagram саҳифасида.

Воқеа кичик тортишувсиз кечмади. Афена-Гьян совға олиши жараёнида иштирок этганлардан бири ножўя ҳазил қилди: «Ичида банан бор…». Дастлабки видеоёзув ўчириб юборилди. Кейинчалик таҳрирланган версияси қайта жойланди.

Феликснинг ўзи бу ҳазилга табассум қилиб қўйди ва Instagram саҳифасида вазият борасида тушунтириш берди.

«Видео орқа фонидаги изоҳ мени хафа қилмади деб барчани ишонтира оламан. У ерда ҳеч қандай ирқчиликка оид фикрлар йўқ эди.
Клубга келиб қўшилганимда, ҳамма мени оила аъзосидек қабул қилган. Кимдир мен билан ҳазиллашди, бу ҳар бир оила аъзосида учрайдиган ҳолат. Мен кўп банан ейишимни дўстларим билади, шунинг учун кўпинча ҳазиллашиб турамиз — ушбу изоҳ ҳам кайфиятни кўтариш учун айтилган эди.

Римда ўзимни уйимдагидек ҳис қилмоқдаман. Мени қўллаб-қувватлаган Тригориядаги барчага миннатдорчилигимни билдираман ва одамлар баъзи нарсалар ҳақида нотўғри тасаввурга эга бўлишларини истамайман. Қайғурганингиз учун раҳмат, энди эса кейинги ўйинга диққатимизни қаратамиз! Grazie and Forza Roma
», — деб ёзди ҳужумчи.

Тортишувга жуда ҳам катта эътибор қаратиш шарт эмас, муҳими Афена-Гьян энди «Рома»даги ўрнидан ташвишланмаса ҳам бўлади — у Жозе Моуриньонинг севимли ўйинчиларидан бирига айланмоқда.

Португалиялик мураббий Феликсни илк бор октябрь ойи охирида «Кальяри»га қарши ўйинда майдонга туширганди. Ёш ҳужумчининг майдонда жамоасининг камбэк қилишига ёрдам берди, Жозенинг ўзи эса дисквалификация сабаб ўйинни трибунадан томоша қилди. Ўйиндан сўнг Моуриньо Феликс ҳақида ўз Instagram’ида ёзиб қолдирди: «Ўйин тугади, 3 очко. Ширин овқат (кийим алмаштириш хонасига кира олмайман) ва яна бир йигит Афена-Гьян».

Гьяннинг ўзи ҳам дебют ўйинидан сўнг мураббийга миннатдорлик билдирди: «Рома»да менга берилаётган имконият учун барчага раҳмат айтмоқчиман. Мураббий ишонди ва имкон берди — мен эса танловда адашмаганини майдонда исботлашга ҳаракат қилдим. Энди характер кўрсатиш ва янада қаттиқроқ меҳнат қилиш лозим».

Моуриньо «Рома»да баъзан таркибдаги футболчилардан шикоят қилади — «Будё Глимт»га қарши ўйиндан сўнг шу ҳолат кузатилганди. Жозе ҳозирги ёш футболчилар билан чиқиша олмайди, деган стереотип ҳам мавжуд. «Лэмпард 23 ёшида ҳақиқий эркак эди, ҳозиргилар эса ҳали ёш бола», — деган эди Жозе бир пайтлар.

Лекин Афена-Гьян учун истисно қилади: ҳозирча мураббий ганалик истеъдод соҳибини қийин вазиятларда майдонга туширяпти («Кальяри»га қарши 0:0, «Милан»га қарши 0:1, «Женоа»га қарши 0:0 пайтида Феликс майдонга туширилган). Ундан ташқари ёш ҳужумчи учун мотивация беришнинг оригинал усулларини қўлламоқда: масалан, унга кроссовка ваъда қилиб.

Ва бу иш берди: Феликс майдонда Моуриньо учун курашга тайёр. 18 ёшли футболчи учун онаси ҳам жуда қадрли. Афена-Гьян дебютини онасига бағишлаган: «Онам ҳозир Ганада. Онажон, сизни яхши кўраман», — деди ҳужумчи ўйиндан кейинги интервьюсида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньодан янги мотивация: у «Женоа»га гол урган футболчига қимматбаҳо кроссовка совға қилди