08:55 / 27.11.2021
2 260

Фойда ва бефойда ўйинлар ёхуд Суперлиганинг охирги тури нимаси билан қизиқ?

Фойда ва бефойда ўйинлар ёхуд Суперлиганинг охирги тури нимаси билан қизиқ?
Суперлигада охирги тур. Деярли кўп масала ҳал қилиниб бўлган-а? Чемпион номи аниқ, Суперлигани тарк этган клублар аниқ. Яна нимаси қизиқ? Фақат “Пахтакор”дан кейин иккинчи ва учинчи ўрин эгалари ҳали номаълум. Шу боис АГМК – “Сўғдиёна” ўйини чинакам финалга айланади.

“Насаф”нинг “Локомотив”га қарши ўйини ҳам эътибор марказида бўлади. Барча ўйинлар 15:00 да бошланади. Собиқ футболчи, айни пайтда “Навбаҳор” футбол мактаби директори сифатида ишлаб келаётган Санжар Асқаралиев тур олдидан қуйидагиларни айтди.

“Бунёдкор” –“Пахтакор”
- Менинг назаримда бу ўйин дуранг бўлади. “Пахтакор” ҳозир яхши спорт формасида. “Бунёдкор” ҳам осонликча ютқазиб қўймайди. Боз устига улар ўз майдонида ўйнайди. Шуларни ҳисобга олиб, жамоаларнинг кучи тенг келади деб ўйлаябман. Имкониятлари 50х50. Бундан олдин иккала клуб Ўзбекистон Кубоги ярим финалида учрашишди. Кўрдингиз, ўша ўйинда ҳам 90 дақиқа дуранг бўлди. “Бунёдкор” ҳам, “Пахтакор” ҳам яхши жамоалар. Улар албатта ғалаба учун курашишади. Аммо клублар биринчи навбатда дарвозаси дахлсизлигини сақлашга ҳаракат қилишади.

“Сурхон” – “Машъал”
- “Сурхон” “Машъал”ни 1:0 га ютади. Нима деганда, “Сурхон” охирги учрашувларда яхши ўйинлар кўрсатяпти. Бунинг устига термизликлар ўз майдонида тўп суради. Охирги турда мухлислари кўз ўнгида ўйнаб, ғалаба учун курашади. Шу сабабдан майдон эгаларида имконият кўпроқ. “Машъал”га қийин бўлади. Барибир “Сурхон” ўз уйида охирги ўйинини ўтказади ва эшикни яхши ёпиб кетай дейди-да!

“Қизилқум” – “Металлург”
- Менинг фикримча, бу учрашувда “Қизилқум” ютиши керак. Бу жамоа айниқса, иккинчи даврада кўп очколарни йўқотди. Охирги турда ҳеч бўлмаганда “Металлург”ни ютиш орқали бироз юқорига кўтарилишга ҳаракат қилади. Навоийлик ишқибозларни ғалаба билан хурсанд қилишса керак. Ушбу учрашувда кўпроқ “Қизилқум”нинг ютишига ишоняпман. “Металлург”ни кўрдингиз, чемпионатни бир текисда ўтказа олмади. Ҳатто, Суперлигадан тушиб кетишига бир баҳя қолди.

“Навбаҳор” – “Қўқон-1912”
- “Навбаҳор” жамоаси ҳозирда ўйинини топиб олган. Қолаверса, бу охирги учрашув. Кеча вилоят ҳокими ҳам келиб кетди. “Навбаҳор” ўз уйида ютади деб ўйлайман. Охирги ўйинда ишқибозларига ғалабани туҳфа қилишмоқчи. Самвел Бабаян бошчилигидаги клуб келаси йилга яхши жамоа шакллантириш ниятида ва улар “Қўқон-1912”ни ютишса керак. Дербида меҳмонларга қиийн бўлади. Ҳисобга келсак, менимча, 1:0 ёки 2:1 бўлади. Йирик ҳисоб бўлмайди.

АГМК – “Сўғдиёна”
- Бу яхши ўйин бўлади. Адашмасам, АГМК “Сўғдиёна”ни юта олмаётган экан, улар бу анъанани бузиш учун ғалабага ҳаракат қилишади. Миржалол Қосимов жамоаси агар ўтган сафарги ўйинини кўрсата олса ютади. Менинг ўйлашимча ҳам мезбонларда имконият кўпроқ. Тўғри, “Сўғдиёна”га ҳам уч очко жуда муҳим. Агар ғалаба қозонмаса медаллардан қуруқ қолади. АГМК мағлубиятга учраса пастга тушиб кетиши мумкин. Балки бундай жиддий қарама-қаршиликда дуранг ҳам бўлиши мумкин.

“Насаф” – “Локомотив”
- “Насаф”ни охирги ўйинларини кўрдик, барибир Рўзиқул Бердиевда яхши жамоа бор. “Локомотив”га келсак, охирги учрашувларда ютқазганидан кейин бош мураббийи ҳам кетди. Жамоа ўйинида пасайиш кузатилди. “Насаф” ўз уйида “Локомотив”га имконият қолдирмаса керак. Шу сабабли қаршиликларнинг ғалабасини тахмин қиляпман. Менимча, 2:0 ҳисоби бўлса керак. “Насаф” ҳам кумуш медал учун курашяпти. Ўз майдонидаги беллашувни қўлдан чиқариб юбормаслик учун ҳам қаттиқ ҳаракат қилади.

“Турон” – “Андижон”
- Иккала клуб ҳам Суперлигадан тушиб кетди. “Турон” ҳам, “Андижон” ҳам ўйин бўйича яхши ҳолатда эмас. “Турон” ўз майдонида мухлислари ва хўжайинлари олдида ўйнаб ғалаба қозонса керак, менимча. “Андижон” жамоаси ўтган сафар роса куч сарфлагани учун ҳам уларда пасайиш бор-да. Бу бефойда ўйин бўлади. Агар бу ким ютса қоладиган ўйин бўлганида унда бошқача бўларди. Аммо энди керакмас ўйин деб ҳисоблайман. Иккала жамоа ҳам майдонга номига чиқади. Фақат “Турон”да бироз устунлик бор. Бу мухлислари олдида ўйнаши билан боғлиқ.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фойда ва бефойда ўйинлар ёхуд Суперлиганинг охирги тури нимаси билан қизиқ?