07:00 / 21.01.2022
1 180

"Ал-Ҳилол"ни ютган мураббий Ўзбекистондан тушган таклифни нега қабул қилмади?

"Ал-Ҳилол"ни ютган мураббий Ўзбекистондан тушган таклифни нега қабул қилмади?
Тожикистоннинг биринчи рақамли клуби – “Истиқлол”ни жорий йилда ҳам муҳим ўйинлар кутяпти. Ўзи иштирок этадиган мусобақаларда жамоа яна мухлисларини қувонтиришни хоҳлайди. Биласиз, ўтган йили Виталий Левченко бошчилигидаги “Истиқлол” Осиё Чемпионлар лигасида қаҳрамонлик кўрсатди. Эътиборлиси шундаки, бу йил ҳам Тожикистон чемпиони ОЧЛ гуруҳ босқичида ўтган йилдагидек Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” жамоаси билан беллашади.

Бундан ташқари, “Истиқлол” ўз етакчиларини йўқотяпти. Айниқса, клубнинг асосий фигуралари бирин-кетин Ўзбекистон чемпионатига ўтиб кетишаётганига нима дейсиз? Шу ва яна бошқа масалалар юзасидан клуб бош мураббийи Витилий Левченко билан боғландик.

- Виталий Григорьевич, сизни “Истиқлол” билан тузган шартномангиз тугаганди. Клуб билан келишув узайтирилдими ёки...
- Ҳа, ростдан ҳам менинг “Истиқлол” билан амалдаги шартномам тугаган. Мавсум якунида клуб президенти Шохруҳ Саидзода билан учрашдим. Биз яна бир йиллик ҳамкорлик борасида келишиб олдик. Душанбега учиб келишим билан шартнома имзолайман.

- Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташланди. “Истиқлол” яна “Ал-Ҳилол” билан бир гуруҳда. Буни кутмагандингизми?
- Энг кучли гуруҳга тушиб қолдик. Осиё Чемпионлар лигасининг амалдаги чемпиони – “Ал-Ҳилол”га келсак, албатта биз бундай вариантни кутмагандик. Лекин ҳаммаси яхшиликка. Шундай экан, биз руҳимизни туширмаймиз, тайёргарлик кўрамиз ва келажакка умид билан боқамиз.

- Сизнингча, “Истиқлол” “Ал-Ҳилол”ни яна мағлуб эта оладими? Ахир ўтган йили бу рақибни 4:1 ҳисобида мағлуб этгансизлар. Ёки бу эртакка айландими?
- Хотиралар билан яшаш керак эмас. Фақат олдинга боқиш даркор. “Ал-Ҳилол” ўз таркибини жиддий равишда кучайтирганини биламиз. Ўзимизга келсак, ўтган мавсумга нисбатан янги жамоани шакллантиряпмиз. Энди ўтган йилги таркибдан кўпчилиги йўқ. Лекин олдимиздаги вазифа доимо жиддий. Биз буни бажаришга ҳаракат қиламиз.

- Клуб етакчилари – Андрей Мишенко ва Алишер Жалилов АГМК клубига ўтиб кетди. Бу борада фикрингизни билмоқчиман. “Истиқлол” уларни нега сақлаб қола олмади?
- Етакчи ўйинчиларимизнинг бошқа клубларга, яхши шароитларга эга бўлган жамоаларга кетишгани бу ҳақиқат. Аммо бу ҳаёт ва у давом этади. Худди мураббийларда бўлгани каби алмаштириб бўлмас футболчи ҳам йўқ. Клубимизни тарк этган ўйинчиларга омад тилаб қоламиз.

- Энди таркибни қандай қилиб яхшиламоқчисиз? Ўзбекистондан футболчиларни таклиф қилмоқчимисиз?
- Биз биргина Ўзбекистонда эмас, балки бутун дунё бўйлаб ўйинчиларни кўриб чиқяпмиз. Шу сабаб иш давом этмоқда. Ҳозирча фамилияларни ошкор қилишга эрта. Фикримча, биз таркибни яхшигина кучайтирамиз ва Осиё Чемпионлар лигасида клубимиз шаънини муносиб ҳимоя қила оламиз.

- Сизга Ўзбекистон клубларидан аниқ таклифлар бўлганини эшитгандим. Қайси жамоаларимиздан қизиқиш бўлди. Ўзбекистон чемпионатида ўзингизни синаб кўришга тайёрмисиз?
- Ҳа, таклифлар бўлди. Аммо бу клублар Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишмайди, балки Ўзбекистон чемпионатида 5-6-ўринлар учун курашишади.

- Сир бўлмаса, қайси жамоалар хизматингизга қизиқди?
- Мен бу клубларнинг номларини ошкор қилишни хоҳламайман. Аммо улардан бирига маҳаллий мутахассис бош мураббий этиб тайинланди.

- Демак, бу “Локомотив”миди?
- (Кулиб) Боя айтганимдек, бу клуб номини пиар қилмоқчи эмасман. Бу жамоа шундоқ ҳам номдор.

- Яқинда “Истиқлол”нинг икки нафар ўйинчиси Эроннинг “Персеполис” клубига ўтиб кетишганди. Таркиб заифлашяптими? Ахир Вахдот Ханонов, Андрей Мишенко, Манучехр Сафаров, Алишер Жалилов кабилар кетишди. Булар катта йўқотишми?
- Доимо клубни етакчилар тарк этса, бу ўйин сифатига таъсир қилади. Аммо футболчиларга жуда яхши шарт-шароитлардан иборат шартномалар таклиф қилинса, бундай пайтда биз уларни ушлаб қола олмаймиз. Шундай экан, пул ишлаб топиш учун кетаверишсин.

- “Истиқлол”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги вазифаси қандай? Гуруҳдан чиқа оладими?
- “Истиқлол” клубининг олдида доимо юксак мақсадлар ва вазифалар туради. Ўзимиз иштирок этаётган ҳар бир турнирда рақибнинг кучидан ва кимга қарши ўйнаётганимиздан қатъий назар ғалаба қозониш асосий мақсадимиз. Шунинг учун мақсад ва вазифаларимиз ўзгармайди.

- Доим Ўзбекистон чемпионатини кузатиб келасиз. Сизнингча, янги мавсумда қайси клублар фаворит?
- Фикримча, бу мавсум чемпионлик учун АГМК, “Насаф”, “Сўғдиёна” ва “Навбаҳор” кураш олиб боради.

- Нега бу рўйхатга амалдаги чемпион – “Пахтакор”ни қўшмадингиз?
- Улар бу мавсум “Бунёдкор” ва “Локомотив” билан 4-5-ўринлар учун курашишлари мумкин. Чунки бу клубларда таркибни ёшартириш жараёни кетмоқда. Чемпионлик учун курашда ҳозирда ушбу жамоаларда молиявий имконият етишмайди.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Ал-Ҳилол"ни ютган мураббий Ўзбекистондан тушган таклифни нега қабул қилмади?