22:08 / 06.02.2022
1 716

Сречко Катанец терма жамоамиз футболчилари билан натижа кўрсата оладими?!

Сречко Катанец терма жамоамиз футболчилари билан натижа кўрсата оладими?!
Хабарингиз бор, терма жамоанинг БААдаги йиғинини ёритиш мақсадида Дубай шаҳрида бир неча кун бўлдик. Ўзбек футболининг энг ёрқин вакиллари билан интервьюлар ташкил этдик. Уларнинг хар бири бир олам, аммо мени Сречко Катанец билан бўлган суҳбат кўпроқ ўйлантирди. Қисқа бўлса-да, жуда кўп саволлар очиқланган суҳбатдан сўнг унинг футболга бўлган қараши ҳақида яхшироқ тушунчага (суҳбатимиз тез кунларда SPORTS.uz нинг "YouTube"даги расмий саҳифасида омма эътиборга тақдим этилади) эга бўлдим. Келинг, барчасини бошидан бошлайман.

Жанубий Судан билан ўйин чоғида бор эътиборимни Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанецга қаратдим. Вазиятни яхшироқ томоша қилиш учун унга яқин бўлган биринчи қатордаги жойга ўтирдим. Гол, тўп учун кураш ва хавфли вазиятлардаги реакциясини синчиклаб кузатдим. Соддароқ қилиб айтсам, мураббий футболчиларимиздан нима талаб қилаётганини англашга уриндим. 90 дақиқа давомида у берган кўрсатмаларнинг жуда катта қисми бажарилмади. Таянч зонасидагилар тўпни кўпроқ ўзида ушлаб қолди, марказий ҳимоячилар тўп учун курашда у истаганидек фаол бўлмади, плеймейкер вазифасида ўйнаган Сидиқов эса, умуман йўқолиб қолди. Бу ҳам етмаганидек, Катанец ҳужум вакилларидан прессингда фаол бўлишини 90 дақиқа тинмай талаб қилди. Воқеаларни четдан кузатар эканман мураббий бизнинг футболга умуман зид бўлган нарсаларни талаб қилаётгандек туюлди.

1. Тўп учун курашдаги кескинлик;
2. Прессингга суянган интенсив футбол;
3. Имкон қадар содда ва аниқ узатмалар;
4. Стандартлардан фойдаланиш унумдорлиги;
5. Кичик эпизодларда ютиб чиқиш.

Шу ва яна бир нечта аспектларда мураббий шогирдларидан фаолроқ бўлишини сўради. Баҳс термамизнинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланганига қарамай, мутахассис ўйиндан кейин хурсанд бўлгани йўқ. Ҳатто, биз билан суҳбатлашиб турган Элдорни ҳам кийиниш хонасига тезроқ киришини талаб қилди. Кўп ўтмай, у таржимон билан стадионга қайтиб чиқди. Ўйинда иштирок этмаган ва камроқ дақиқа ҳаракат қилган бошқа футболчиларга кўрсатма бериб машғулот ўтказишга тушиб кетди. Дарҳақиқат, Сречко Катанец талаб этаётган агрессив футболни майдонда кўрсатиш учун бизнинг жисмоний тайёргарлигимиз ўша куни талабга жавоб бермагани факт! Сафаримиз давомида кўплаб футболчилар билан суҳбат қурдим. Улардан бири фаолияти давомида ҳали ҳеч бир мураббий бир кунда 20 км масофани югуришга ундамаганини кулиб айтиб берди. Бу сўзларни эшитар эканман, Катанецнинг машғулотлардан бирида айтган сўзлари ёдимда тушди.

"Агар кимдир чарчаган бўлса, майдонда 100 фоиз ҳаракат қила олмаса ҳозироқ айтсин!"

Шогирдларининг ўйиндан сўнг ҳам машғулот ўтказаётганини кайфиятсиз томоша қилаётган мураббийни суҳбатга тортдим. Инглиз тилини мукаммал билмасам ҳам, жуда кўп нарсадан кўнгли тўлмаганини дарров англадим.

"Баъзи вазиятлар бўлди, аммо футболчилар гол ургиси келмай қолгандек туюлди. Тинмай босим уюштириб, чиройли ўйнашга ҳаракат қилиш керак эмас. Ўзбекистон айнан шу сабабли 70 дақиқадан кейин тўлиқ куч билан ўйнай олмайди. Замонавий футболда тўғри ҳимояланишни барча билади. Жанубий Судан ҳам автобус қўйгач, футболчилар қийналди. Кейин, рақибни ҳужумга ўтиши учун имкон берилиши кераклигини айтдим. Натижада, улар олдинга ўтганида бўш зоналар пайдо бўлди ва 2 та гол урдик. Акс ҳолда, тинмай ҳужум қилавериб ўзимизни чарчатган бўлар эдик. Бизнинг таркибимизда Месси бўлса эди, бемалол ёриб ўтиб вазият яратса..."

Бир қарашда унинг фикрида жон бордек, аммо бир нарса ўйлантириб қўйди. Бир пайтлар Эктор Купер ҳам минимализмга суянган эҳтиёткор футболни терма жамоага сингдиришга уриниб кўрган, аммо якунда муддатидан аввал истеъфога чиқарилганди. Дриблинг ва финтдан кўра аниқлик, марказдаги бесамар паслардан кўра битта қарши ҳужумни, таниқли футболчидан кўра босимга чидамли ўртача классдаги ижрочини афзал кўрадиган Катанец футболимизда чинакамига инқилоб қилмоқчи. Бунинг учун МТЖ словениялик мураббийнинг майдондаги талабларига тўлиқ жавоб бериши, жисмонан етукроқ формага чиқиши шарт. Акс ҳолда, у тарғиб этмоқчи бўлган футбол биз учун ортга ташланган қадам бўлиши мумкин.

Сречко бир қарашда жуда содда кўринган ўйин услуби билан футболчиларимизнинг руҳий ҳолати ва жисмоний тайёргарлигини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Бу аспектларда ўсишга эришмаса, унинг барча кўрсатмалари бесамар эканлигини тушуниб турибди. Ўз-ўзидан бир савол пайдо бўлади. Инқилоб қилишга ўзбек футболи тайёрми? Мураббий камчиликларимиздан келиб чиқиб ўз талабларини қўйишни бошлади, аммо қарсак товушини ҳозирча ҳеч ким эшитмади. Нега, дейсизми? Ахир, қарс икки қўлдан чиқади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сречко Катанец терма жамоамиз футболчилари билан натижа кўрсата оладими?!