07:00 / 19.02.2022
931

Иван Соловьёв: "Очиғи, Наманганда мени қандай қарши олишларини тасаввур қила олмайман"

Иван Соловьёв: "Очиғи, Наманганда мени қандай қарши олишларини тасаввур қила олмайман"
Қаршининг “Насаф” жамоаси ҳам Суперлиганинг бошқа иштирокчилари қатори янги мавсум учун астойдил тайёргарлик кўряпти. Куни кеча “Аждарлар” Туркиядаги ўқув-машғулот йиғинини якунлаб қайтиб келдилар.

Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоа ҳар доимгидек чемпионат фаворитларидан бири, бунга ҳеч кимда шубҳа бўлмаса керак. Жамоанинг ўтган йилги таркиби деярли сақланиб қолинди. Тўғри, у қадар катта ва жиддий ўзгаришлар кузатилмади. Аммо янги таклиф қилинган футболчи сифатида россиялик легионер Иван Соловьёвнинг Қарши клубига кўчиб ўтиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган бўлса керак. Зеро, ўзбек мухлислари учун ушбу ўйинчи жуда яхши таниш. Айниқса, “Навбаҳор”даги фаолияти орқали нималарга қодирлигини ва қандай имкониятларга эга эканини кўз-кўз қила олган.

Тақдир тақозосини қарангки, Иван ва унинг жамоаси чемпионатнинг дастлабки турини Наманганда “Навбаҳор”га қарши ўйин билан бошлайдиган бўлдилар. Ҳар иккала клуб ҳам Туркияда йиғин ўтказди. Тайёргарлик аъло даражада дейиш мумкин. Бу борада Соловьёвнинг фикри шундай бўлди:

Бизнинг Туркияда олиб борган йиғинимиз жуда яхши ўтди. Қуръага тўхталадиган бўлсам, чемпионатни қайси рақибга қарши ўйин билан бошлашнинг ҳеч қандай аҳамиятли жойи йўқ. Шуниси аниқки, бўлажак учрашув жуда қизғин кечади”.

Россиялик ўйинчи ўз одатига кўра, совуққонлик ҳамда хотиржамлик билан жавоб қайтарди. Лекин “Навбаҳор” – “Насаф” тўқнашувида барибир россиялик легионерга ҳам ўз-ўзидан катта эътибор қаратилиши табиий. Чунки Наманганда уч йил тўп сурган футболчи энди у ерга рақиб ўйинчиси сифатида келади. Қизиқ, “Навбаҳор” стадионида уни маҳаллий ишқибозлар қандай қарши олишаркин? Тахминимизча, Иван Соловьёвга нисбатан ўзига яраша босим бўлса керак. Ўз навбатида шу ҳақидаги муносабатга россиялик легионернинг жавоби қуйидагича бўлди:

Мени у ерда қандай кутиб олишларини билмайман, аммо кўплаб мухлислар менга тез-тез ёзиб туришади. Уларнинг аксарият қисми клубга қайтишимни хоҳлаш истагида эканини билдиради. Очиғини айтсам, Наманганда мени қандай қарши олишларини ҳозир тасаввур қила олмайман”.

Футболчининг ҳаёти шу-да! Бугун бу ерда, эртага бошқа ерда. Шундай экан, Иваннинг “Навбаҳор”даги уч йиллик фаолияти тугаб, ўзи учун янги саҳифа очди. Энди у “Насаф” учун ўйнайди. Демак, легионер бор эътиборини янги клубига қаратган. Январь ойида қаршиликлар аъзосига айланган ярим ҳимоячи ўтган вақт давомида янги жамоасига қанчалик мослашишга улгурди?

Ўтган қисқа вақт ичида клубга тўлиқ мослашиб улгурганимча йўқ. Лекин мураббий мендан нимани ҳоҳлаётганини тушуниб турибман ва унинг кўрсатмаларини бажаряпман. Ҳали кўп ишлашим кераклиги шундоқ кўриниб турибди. Чунки мавсумга тўлиқ тайёр ҳолатдаман, дея олмайман”, - деди, бу борада футболчи.

Шунингдек, Соловьёвдан Намангандаги ўйинда ғалабага қанчалик ишоняпсиз, дея сўраганимизда, “албатта, ғалаба қозонишимизга ишоняпман”, деган жавобни айтди. Аслида ҳар бир ўйинчи ўз жамоаси билан майдонга фақат ғалабани кўзлаб тушади. Ҳеч ким ютқазаман деб ўйнамайди-ку! Шу сингари Иван ҳам, янги клуби ҳам катта мақсадларни ният қилган. “Насаф”ни эса “Навбаҳор”га қарши ўйиндан ҳам кўра, олдинда Суперкубок баҳси кутяпти. 27 февраль куни “Аждарлар” “Пахтакор”га қарши майдонга тушишади. Бундай Суперкубок эса Соловьёв учун биринчиси!

Суперкубок баҳсига аъло даражада ҳозирлик кўрдик. Бундан ташқари, Туркияда кучли рақиблар билан назорат ўйинларини ҳам ўтказдик. Ҳа, бу мен учун дастлабки Суперкубок учрашуви бўлади”, - дейди Иван.

Бу футболчини Бердиев “Насаф”га бежиз таклиф қилгани йўқ. Ундан умиди катта ва барча имкониятларидан фойдаланмоқчи. Қизиқ, мураббий унинг майдондаги вазифасини белгилаб бердими?

Мен бу ҳақда тўхталиб ўтишни истамайман. Чунки бу жамоа ичидаги ўзаро сирдир. Шунингдек, жамоанинг ёки бошқа рақибнинг мавсумга қўйган вазифалари ҳақида гапиришни ҳам мутлақо истамаган бўлардим. Чунки ҳаммаси коллектив ичидаги гап-сўзлардир”, - дея жавоб қайтарди, Иван Соловьёв.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Иван Соловьёв: "Очиғи, Наманганда мени қандай қарши олишларини тасаввур қила олмайман"