22:10 / 22.03.2022
1 499

Легионерларимиз терма жамоа йиғинига қай ҳолатда етиб келди?

Легионерларимиз терма жамоа йиғинига қай ҳолатда етиб келди?
Хабарингиз бор, навбатдаги ФИФА кунларида Ўзбекистон терма жамоаси ""Navruz Cup" турнирида иштирок этади. Сречко Катанец мазкур йиғин учун 25 нафар футболчини терма жамоага чақирди. Улардан 7 нафари хориж чемпионатларида тўп тепмоқда. Легионерларимиз мазкур турнирга қандай кайфиятда етиб келди?

Элдор Шомуродов
Жозе Моуриньо бошчилигидаги "бўрилар" чемпионатнинг 30-тури доирасида дербида "Лацио" устидан йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. "Рома" биринчи бўлимнинг ўзида 3та гол уришга эришди. "Special One" бу сафар асосан захирадан ўйинга қўшиладиган легионеримиз хизматидан фойдаланмади. Балки, Қирғизистон, Тожикистон ва Уганда термаларига қарши ўйинлар олдидан Шомуродовга дам беришни истагандир...

Жалолиддин Машарипов
Узоқ кутилган гол. "Ал-Насср" чемпионатнинг 25-турида "Ал-Фейҳа"ни қабул қилди. Асосий таркибдаги ўрнини секин-аста қайтариб олаётган Машарипов ўзининг Саудия чемпионатидаги дебют голини уришга эришди. Бу гол риёдликларга муҳим 3 очкони тақдим этди. Жалолиддиннинг кайфияти аъло. Айнан у "Navruz Cup"да порлаши кутилмоқда.

Игорь Сергеев
Қозоғистон чемпионатининг янги мавсуми старт олди. Дастлабки турда "Тобол" ўз майдонида "Акжайик"ни қабул қилиб, Сергеевнинг голи эвазига 3 очкони қўлга киритди. Игорь термамизнинг охирги Дубайдаги йиғинини ўтказиб юборган эди. Рақибларнинг даражасини ҳисобга олсак, Сергеевда ҳам голлар уришга имкон бўлади.

Достон Ҳамдамов
Миссия бажарилди. Ҳамдамов ҳаракат қилаётган Қатарнинг "Ал-Сайлия" жамоаси чемпионатда қолиш вазифасини уддалади. Ўтиш ўйинида "Ал-Сайлия" ҳамда "Ал-Ҳор" жамоалари ўзаро куч синашди. Дастлаб, учрашувда меҳмонлар 2:0 ҳисобида олдинга ўтиб олди. Бироқ ҳамюртимиз тўп тепаётган жамоа ирода кўрсатиб, якунда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Легионеримиз Достонбек мазкур учрашувнинг 62-дақиқасида захирадан ўйинга тушди.

Отабек Шукуров
Биласиз, терма жамоамизнинг яна бир етакчиси Отабек Шукуров БААнинг "Шаржа" клубида ҳаракат қилади. ФИФА кунлари олдидан "Шаржа" ОЧЛ саралаш босқичида Ироқинг "Ал-Завра" жамоасини қабул қилиб, пенальтилар сериясида ғалаба қозонди ва гуруҳ босқичига йўл олди. Шукуров бошланғич таркибда майдонга тушди ва тўлиқ ўйин ўтказди.

Азизбек Аманов - Шерзод Темиров
Эронда тўп тепадиган ушбу икки ҳамюртимиз ўзаро баҳс олиб борди. "Персеполис" - "Истиқлол" учрашувида жамоалар 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. "Персеполис" вакили Шерзод Темиров учрашувда 82 дақиқа ҳаракат қилди. Шунингдек, у баҳснинг 16-дақиқасида сариқ карточка олди.

"Истиқлол" аъзоси Азизбек Амонов мазкур ўйинда 25 дақиқа тўп тепди. Бу икки футболчимиздан мухлислар кўп нарса кутмоқда. Умид қиламизки, улар бу ишончни ортиғи билан оқлайди.

Жалолиддин Қобилжонов тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Легионерларимиз терма жамоа йиғинига қай ҳолатда етиб келди?