07:30 / 29.05.2022
1 385

Ўзбекистонда яратилган ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар оммалашмаётгани сабаби айтилди

Ўзбекистонда яратилган ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар оммалашмаётгани сабаби айтилди
Республикада бир нечта маҳаллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар ишлаб чиқилган бўлса-да, улар оммалашмаётганининг сабаблари бор. Бу ҳақда 28 май куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Дониёр Рустамов айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё».

Дониёр Рустамов
Фото: Олий Мажлис Сенати

Дониёр Рустамовнинг таъкидлашича, маҳаллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерларни ривожлантириш учун техник ва бошқа бир қатор имкониятлар керак.

«Ўзимизда ишлаб чиқилган миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқларни ривожланмаслик ҳолати бўйича ўрганиш ўтказдик. Бунга бир қанча омиллар борлиги аниқланди. Масалан, бизда Davrauz, Gap каби миллий мессенжерлар яратилган. Лекин улар ривожланмаяпти. Бу ҳолат таҳлил қилинганда, аҳолининг ушбу мессенжерларга ишончсизлик билдириши маълум бўлди. Миллий ижтимоий тармоқ ёки мессенжерлар ишлаб чиқилгандан кейин улардаги маълумотлар узатилиши ва қабул қилинишидаги хавфсизлик масаласи асосий муаммо ҳисобланади. Шу билан бирга, тизимнинг узлуксиз ишлаши, фойдаланувчилар учун ўша мессенжер платформасида қулайликлар яратилиши ҳам талабга жавоб бермайди», — деди вазир ўринбосари.

Дониёр Рустамовнинг қўшимча қилишича, айни пайтда миллий мессенжерлар яратиш учун дастурчилар танлаб олинган.

«Апрель ойида Ўзбекистондаги барча ишланмалар дастурчилари билан учрашувлар ўтказиб, муаммоларини эшитдик ва уларни ҳал қилиш учун ёрдамлар кўрсатдик. Ўрганишларга кўра, ишлаб чиқилган кўплаб мессенжерлар учун дастурчининг хонадони ёки офисида мавжуд қурилмалардан фойдаланилган. Афсуски, у қурилмаларнинг техник имкониятлари катта эмас. Катта ҳажмдаги маълумотларга ишлов бера олмайди. Яна бир масала, ўша маълумотларни узатиш ва қабул қилишдаги имкониятлар чекланган. Масалан, Telegram’ни энг ишончли мессенжер деймиз. Унда керакли криптографик ҳимоя воситаларидан фойдаланилади.

Эртага ўзимиздаги мессенжерлар экспертизадан яхши ўтса, аҳолига: ‘бу ижтимоий тармоқ ўрнатилган тартибда ишга туширилди, криптографик ҳимоя воситалари ҳам, модуллари ҳам экспертизадан ўтган. Бундаги маълумотларни бардошлилиги кафолатланган’, деган кафолатни бериш масаласини алоҳида белгилаб олдик. Ҳозирда миллий мессенжерлар яратиш белгилаб олинди ва бунинг учун дастурчилар танланди. Ўйлайманки, шу йилнинг якунигача 1 ёки 2 та мессенжерни тўлиқ ахборот хавфсизлиги талабларига экспертизадан ўтгани бўйича ахборот берамиз
», — деди вазирлик расмийси.

Мажлисда маълум қилинишича, бугунги кунда интернет тармоғида ўзбек тилидаги контентлар сони бўйича Ўзбекистон дунёда 51-ўринда туради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ўзбекистонда яратилган ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар оммалашмаётгани сабаби айтилди