Украина қуролли кучлари “Вагнер” хусусий ҳарбий кампаниясининг Бахмутдаги ўқ-дорилар омборини йўқ қилди. Бу ҳақда мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, украиналик ҳимоячилар Донбассда душманга кучли қаршилик кўрсатишда давом этмоқда ва фаол ҳужум ҳаракатларини амалга оширмоқда. Бу сафар улар “Вагнер” жангчиларига тегишли бўлган ўқ-дорилар омборини йўқ қилган. Бу “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожиннинг снарядлар етишмаслиги ҳақидаги баёноти фонида содир бўлмоқда.
“Мудофаа кучларимиз нафақат кучли қаршилик кўрсатмоқда, балки душманга топшириқни бажаришга ҳам имкон бермаяпти. Мудофаани ёриб ўтилишига қаршилик кўрсатилмоқда. Биз томондан фаол ҳужум ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жангчилар ‘Вагнер’ ўқ-дорилари сақланадиган омборни йўқ қилди”, — дейилади хабарда.
Анна Малярнинг таъкидлашича, руслар рамзийликка жуда мойил, шунинг учун босқинчилар 9 майгача Бахмут шаҳрини эгаллашга уринишда давом этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 5 май куни “Вагнер” хусусий ҳарбий кампанияси асосчиси Евгений Пригожин ўз жангчилари 10 май куни Донецк вилоятининг Бахмут шаҳридан ўқ-дорилари йўқлиги сабабли чиқиб кетишини айтганди. У Сергей Шойгу бошчилигидаги Россия Мудофаа вазирлиги ўқ-дорилар етказиб бериш бўйича талабларга риоя қилмаганини айтган.
Шунингдек, 5 май куни Шарқий гуруҳ спикери Сергей Череватий россиялик шахсларнинг бундай баёнотлари бошқача мақсадда бўлиши ва ҳақиқатга мос келмаслиги мумкинлигини билдирган. Хусусан, Пригожиннинг баёноти ўқ-дорилар танқислиги билан эмас, балки жангчилар етишмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг