Немис автомобиль ишлаб чиқарувчиси Mercedes-Benz ўз автомобилларига ChatGPT чатботини қўшди. Бу ҳақда TechRadar хабар бермоқда.
Машҳур АИ платформасини автомобилга жорий этиш Mercedes-Benz User Experience (MBUX) мултимедиа тизими асосида амалга оширилди. Фойдаланувчи ChatGPT’га овозли буйруқ ёрдамида кириш имкониятига эга бўлади — сервис сўровга жавобни айтади ёки матн шаклида маълумот беради.
Компания вакилларининг сўзларига кўра, автомобиль эгаси маълум бир нуқтага маршрут қуриш билан биргаликда чатботга турли мавзуларда саволлар бериши мумкин бўлади.
Mercedes-Benz вакиллари янги хизмат Microsoft Azure OpenAI инфратузилмаси негизида пайдо бўлганини таъкидладилар.
Технология "юқори даражасидаги хавфсизлик, махфийлик ва ишончлилик”ни таъминлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Microsoft муҳандислари фойдаланувчиларнинг овозли сўровларига кира олмайди.
Янги хизмат АҚШда автомобиль эгалари учун бета-тест доирасида ишга туширилди, дастурда МBUХ билан жиҳозланган 900 000 га яқин автомобиль иштирок этади.
Сентябр ойида Mercedes-Benz ChatGPT автомобиль эгаларига қанчалик тўғри маълумот тақдим этишини ўрганиш учун синовни тўхтатади ва хизматни ўчириб қўяди.
Келажакда чат-ботни қўллаб-қувватлаш дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам пайдо бўлиши кутилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг