00:13 / 08.07.2023
102

Threads янги ижтимоий тармоғи ҳақида нималар маълум?

Фото: Getty Images
Facebook ва Instagram ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Meta корпорацияси янги платформани ишга туширди. У Twitter ижтимоий тармоғига рақиб бўлиши кутилмоқда.

Meta корпорацияси 5 июль куни янги Threads ижтимоий тармоғини тақдим қилди. У бир суткадан камроқ вақт ичида 30 миллион фойдаланувчига эга бўлди. Threads ижтимоий тармоғи Илон Маск эгалик қилувчи Twitter платформасига ўхшаш бўлиб, қисқа постлар, сурат ва видеолар жойлаштириш имконини беради.

7 июль куни Twitter раҳбарияти Threads ижтимоий тармоғининг ишга туширилиши муносабати билан Meta корпорациясини судга беришини эълон қилди. Twitter фикрига кўра, Meta тижорат сиридан фойдаланган ва интеллектуал мулкни ўғирлаган.

Threads ижтимоий тармоғи лойиҳаси 2023 йил январь ойида старт олди. Бундан уч ой аввал америкалик миллиардер Илон Маск Twitter платформасини сотиб олиб, ижтимоий тармоқ контенти модерациясига ўзгартиришлар киритди. Оқибатда, бу кўплаб фойдаланувчилар норозилигига ва бошқа микроблог сервисларини излашига сабаб бўлди. 2022 йил ноябрь ойида Meta корпорацияси вазиятдан фойдаланиб, янги ижтимоий тармоқ устида иш бошлаганини эълон қилди.

Илова ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида 2023 йил март ойида пайдо бўлди. Июнь ойида The Verge нашри Meta топ-менежери Крис Кокс томонидан «Twitter муқобили» сифатида тавсифланган Project 92 лойиҳаси ҳақида маълумот берди.

Threads ижтимоий тармоғи 5 июль куни фойдаланувчиларга тақдим этилди. Ундан 100 та мамлакат фуқаролари фойдаланиши мумкин. Фақат Европа Иттифоқи давлатлари бундан мустасно, чунки Meta маҳаллий тартибга солиш органларидан махфийлик масалалари бўйича тушунтиришларни кутмоқда.

6 июлга келиб, илова 30 миллион марта юкланди ва ChatGPT томонидан ўрнатилган рекорддан ўзиб кетди. Ўша куни Twitter адвокатлари Meta корпорациясини судга бериш ниятида эканини, компания иловани ишлаб чиқишда тижорат сирларидан фойдаланганини даъво қилишди.

Threads асосий хусусиятларидан бири шундаки, унинг аккаунтлари Instagram билан чамбарчас боғланган. Янги микроблогда рўйхатдан ўтганда, фойдаланувчи Instagram тармоғидаги каби ном олади. Шу билан бирга, Instagram аккаунтини ўчирмасдан туриб Threads аккаунтини ўчириб бўлмайди.

Threads асосчилари ижтимоий тармоқ тез орада бошқа сервислар билан интеграциялашишини айтишмоқда. Бу контент алмашиш ва бошқа платформалардан обуначиларни жалб қилиш имкониятини бериши кутилмоқда.

Аввалроқ, Threads ишга туширилишидан хабардор бўлган Илон Маск Meta хўжайини Марк Цукербергни яккама-якка курашга чақирган эди. Ўз навбатида Цукерберг унинг таклифини қабул қилиб, жанг ўтказиладиган жойни танлаши мумкинлигини айтди. Жамоатчилик икки миллиардернинг нияти қанчалик жиддий экани ҳақида ўйланиб қолди. Бироқ, энди улар камида судда орани очиқ қилишга уринишига шубҳа йўқ.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Threads янги ижтимоий тармоғи ҳақида нималар маълум?