Яқинда ишга туширилганига қарамай, рекорд даражада тез фойдаланувчи тўплаётган Threads сервисидан унинг асосий рақиби Twitter’нинг ҳам кўплаб ходимлари фойдаланмоқда, деб хабар берди Daily Mail.
Ҳатто Twitter ходимларидан бири The Daily Beast нашрига Threads “яхшироқ” эканини айтган.
“Бунинг учун ишдан ҳайдалсам керак, лекин ҳозир Twitter’да ишлаётган бўлсам ҳам, ундан ҳеч қачон фойдаланмаганман. Мана бу янги дунё!” — қўшимча қилди у.
Бошқа бир фойдаланувчи Threads’да рўйхатдан ўтиш жараёнининг қулайлигини мақтаб, шундай ёзди: “Ростини айтаман, рўйхатдан ўтиш жараёни жуда яхши бўлди”.
Бундай ходимлар бир-икки киши эмас, нашрга маълум 133 ходимнинг чорак қисми Twitter рақобатчисида рўйхатдан ўтган. Маскнинг қўлида ишлайдиганлар ҳозирда тахминан 1 700 кишини ташкил этади, яна юзлаб одамлар Threads’га қўшилган бўлиши мумкин.
MailOnline, шунингдек, Twitter’нинг бошқа собиқ ва амалдаги ходимлари Threads'дан унинг устидан шикоят қолдириш ёки Маскнинг платформасини тарғиб қилиш учун фойдаланаётганини аниқлади.
Айни пайтда Twitter эгаси Илон Маск ва Меtа раҳбари Марк Цукерберг ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Twitter Threads сабаб Меtа компаниясини судга бериш билан таҳдид қилмоқда.
Меtа 6 июль куни Threads’ни ишга туширди
Американинг Меtа компанияси 6 июлга ўтар кечаси Twitter’нинг асосий рақобатчисига айланиши кутилаётган Threads матнли сервисини ишга туширди.
Янги сервиснинг интерфейси кўп жиҳатдан Twitter’га ўхшаш бўлиб, унда максимал 500 та белгили хабарларни, шунингдек, фотосуратлар ва 5 дақиқагача бўлган видеоларни жойлаштириш мумкин.
6 июлдан бошлаб дастурни юздан ортиқ мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада ва Японияда App Store ва Google Play’дан юклаб олиш мумкин. Сервис ҳозирча Европа Иттифоқида ишламайди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг