Ўзбекистонда Uzcard ва Humo тўлов тизимларининг банкоматлари интеграцияси муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда Uzcard компанияси хабар берди.
Маълум қилинишича, барча тижорат банкларининг банкоматлари иккала тўлов тизимининг карталарини қабул қилиши учун бирлаштирилди.
Май ойида “Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖ миллий банклараро тўлов тизими билан биргаликда Uzcard ва Humo тўлов тизимлари банкоматларини интеграция қилиш бўйича техник ишларни якунлаганди. 2023 йил 1 июндан бошлаб тижорат банклари билан келишилган жадвалга мувофиқ барча банкоматларни босқичма-босқич улаш бошланиши режалаштирилганди.
Uzcard ва Humo тўлов тизимлари 2021 йилдаги ўзаро интеграциялашувнинг биринчи босқичини якунлаганди. Ўшанда ҳар иккала тизим терминалларида тўловларни қабул қилиш амалиёти намойиш этилган. 2023 йил январда бўлса, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов май ойигача битта банкоматда ҳам Uzcard, ҳам Humo карталарига хизмат кўрсатиш мумкин бўлишини маълум қилган эди.
Мартда президент қарори билан Марказий банкка Uzcard ва Humo тўлов тизимлари ўзаро интеграсиясини босқичма-босқич, жумладан, 2023 йил май ойига қадар банкоматлар ҳамда 2023 йил якунига қадар тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишларини якунлаш топширилган.