Америкалик бизнесмен Илон Маск ўтган йили сотиб олган Х ижтимоий тармоғини (собиқ Twitter) танишувлар сайти ва рақамли банкка айлантирмоқчи. Бу ҳақда Business Insider портали Х компаниясининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишига таяниб хабар берди.
Нашр аниқлик киритишича, 26 октябрь куни Х’да Маск ва компания бош директори Линда Яккарино иштирокида видеоконференция орқали учрашув бўлиб ўтган. Унда тадбиркор “Х 2024 йилда тўлақонли танишув сайтига, шунингдек, рақамли банкка айланади”, деб айтган.
Тадбиркор ўз режасининг тафсилотларини ошкор қилмаган, бироқ танишув функциясини яратиш талабга боғлиқ бўлишини таъкидлаган. Нашрнинг қайд этишича, бу ташаббус Маскнинг кўпроқ пуллик функцияларни жорий этиш режаларига мос келади, чунки танишув иловалари одатда пуллик обунани ўз ичига олади.
Агентлик маълумотларига кўра, Маскда XWire номли янгиликлар хизматини яратиш ғоялари ҳам бор, у Cision компаниясининг PR Newswire сервиси билан рақобатлаша оладиган бўлиши керак.
Маск 2022 йил 27 октябрда Twitter’ни 44 миллиард долларга сотиб олганди. 24 июлда Twitter’нинг номи Х деб ўзгартирилди. Инновациялар платформа логотипига ҳам таъсир қилди: энди у кўк қуш ўрнига Х ҳарфини акс эттиради, домен эса x.com.га ўзгартирилди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг