X компаниясининг капиталлашуви Илон Маск томонидан сотиб олинганидан кейин 55 фоизга камайди. Миллиардернинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир унинг қиймати 19 миллиард долларга тенг. Маскнинг ўзи ижтимоий тармоқни 2022 йил октябр ойи охирида 44 миллиардга сотиб олган. Бу ҳақда 30 октябр, душанба куни компаниянинг ички ҳужжатларига таяниб The Verge нашри маълум қилди.
X ходимлари 30 октябр куни компания акцияларини унинг янги баҳосига кўра олди – ҳар бир акция учун 45 доллар. Ҳужжатларда айтилишича, «акцияларнинг адолатли бозор қиймати X директорлар кенгаши томонидан белгиланади», у эса Маск томонидан ҳали тўлиқ шакллантирилмаган.
Х кўплаб фойдаланувчилар ва реклама берувчиларни йўқотди
2023 йил март ойида Илон Маск X капиталлашуви 20 миллиард доллар эканини айтди. Бироқ, X акцияларига эгалик қилувчи Fidelity молиявий ҳолдинг компанияси маълумотларига кўра, компаниянинг ҳақиқий қиймати 15 миллиардни ташкил этган. Бу Twitter Маск томонидан сотиб олингандаги дастлабки нархидан 65 фоизга кам.
Pew Research Center таҳлилий агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШдаги энг фаол Twitter фойдаланувчиларининг 25 фоизи платформадан камроқ фойдаланишни ва твит ёзишни бошлади.
Guideline таҳлилий фирмаси тадқиқотига кўра, АҚШда X тармоғидаги ойлик реклама даромади йилига камида 55 фоизга камайган.
Илон Маск Twitter’ни ислоҳ қилди
Ижтимоий тармоқни қўлга киритгандан сўнг, миллиардер фойдаланувчиларнинг норозилигига сабаб бўлган бир нечта қарорлар қабул қилди. 2023 йилнинг 1 июлида Илон Маск платформадаги аккаунт эгалари кунига ўқиши мумкин бўлган твитлар сонини чеклади ва 25 июлда у Twitter номини X’га ўзгартирди.
Сентябр ойида миллиардер ижтимоий тармоқда рўйхатдан ўтишни истаган янги фойдаланувчилар учун ойлик пулли обунани эълон қилди. Маск ўзининг кўпгина қарорларини X’да ботлар кўплиги билан изоҳлади.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг