Президентнинг «Электротехника саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2024–2025 йиллар учун электротехника тармоғини ривожлантириш бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди, жумладан:
- мис хомашёсини қайта ишлаш қувватини 2024 йилда 140 минг тоннага ва 2025 йилда 160 минг тоннагача етказиш;
- ишлаб чиқариш ҳажмини 2024 йилда 30,8 триллион сўмгача ва 2025 йилда 38 триллион сўмгача ошириш;
- маҳсулотлар экспорти ҳажмини 2024 йилда 1,5 миллиард АҚШ доллари ва 2025 йилда 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида таъминлаш.
Электротехника саноатида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш дастури доирасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини ишга туширишнинг йиғма параметрлари тасдиқланди.
Электротехника саноатида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 2024–2026 йилларда тижорат банкларига уларнинг буюртмасига асосан 10 йил муддатга, йиллик 5% ставкада уч йиллик имтиёзли давр билан 100 млн АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг