Агрессив ҳайдаш электромобил аккумуляторини 2,5 баробар тезроқ ишдан чиқаради

Шанхай электротехника университети тадқиқотчилари агрессив ҳайдаш электромобил аккумулятори ресурсини одатдагидан 2,5 баробар тезроқ камайтиришини аниқлади. Гуанчжоу шаҳрида 2022-йил давомида фойдаланилган 15 та электромобил маълумотлари таҳлили кескин тезланишлар, юқори момент ва такрорий газ-тормоз сикллари батареяга энг катта юклама беришини кўрсатди.
Замонавий электромобилларнинг энг қимматбаҳо ва асосий қисми бўлган тортиш батареялари тезроқ эскиришининг асосий сабабларидан бири маълум бўлди. Шанхай электротехника университети тадқиқотчилари олиб борган илмий таҳлилларга кўра, автомобилни агрессив тарзда бошқариш аккумулятор ресурсини одатдагидан 2,5 баробар тезроқ камайтириши аниқланди. Ушбу хулоса келгусида экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятига янги ёндашувларни олиб кириши кутилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Мутахассислар ўз ишида Гуанчжоу шаҳрида 2022-йил давомида фойдаланилган 15 та электромобилнинг реал эксплуатация маълумотларидан фойдаланишди. Автомобил тезлиги, аккумулятор токи, қувват даражаси, кучланиш ҳамда ҳарорат кўрсаткичлари ҳар 10 сонияда қайд этиб борилган. Сунъий интеллект ва машинали ўқитиш технологиялари ёрдамида ҳайдовчилар энг вазмин ва тежамкордан тортиб то энг агрессив услубгача бўлган бешта гуруҳга бўлиб чиқилди.
Хавфли омил: тезлик эмас, балки қувват сўрови
Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, батарея учун асосий хавф юқори тезликнинг ўзи эмас, балки аккумулятордан бир йўла катта қувват талаб қилиш экан. Хусусан, кескин ҳаракатланишлар, юқори моментли шиддатли тезланишлар ҳамда тезкорлик билан такрорланиб турувчи газ ва тормоз сикллари аккумуляторга энг оғир юкламани беради. Шу боисдан, шаҳар шароитидаги доимий кескин тезланишлар автомагистраллар бўйлаб текис ва тез ҳаракатланишга қараганда батареяга кўпроқ зарар етказиши маълум бўлди.Ҳайдовчиларнинг ҳаракат услублари ўртасидаги тафовут жуда катта эканлиги аниқланди. Энг агрессив гуруҳдаги ҳайдовчиларда аккумулятор эскиришига сабаб бўлувчи моментли юклама даражаси энг хотиржам ҳайдовчиларникига нисбатан 18,4 баробар юқори бўлиб чиқди. Шунингдек, агрессив ҳайдаш чоғида батареянинг ўртача токи 66,02 А га етган бўлса, вазмин ҳаракатланганда бу кўрсаткич атиги 20,56 А ни ташкил этди.
Узоқ муддатли оқибатлар ва симуляция натижалари
Тадқиқотчилар бошқарув услубини агрессивдан тежамкориигига ўзгартириш қандай натижа беришини ҳам моделлаштириб кўришди. Бошқа барча шароитлар ўзгармасдан қолганда, фақат ҳайдаш маданиятининг ўзгариши батареянинг қисқа муддатли эскириш стрессини 91,3 фоизга камайтириш имконини берди. Бироқ олимлар узоқ муддатли прогнозларни математик моделлар асосида ҳисоблаб чиққанини алоҳида таъкидлашмоқда.Моделга кўра, 1000 та қувватлаш ва зарядни йўқотиш сиклидан сўнг энг эҳтиёткорона ҳайдаш стилида батарея ўз бошланғич сиғимининг тахминан 21,15 фоизини йўқотади. Энг агрессив сценарийда эса бу кўрсаткич 53,22 фоизгача етади. Шуни ёдда тутиш керакки, реал шароитда батарея ресурсига кимёвий таркиб, ташқи муҳит ҳарорати, совутиш тизими ва бошқа кўплаб омиллар ҳам таъсир кўрсатади.
IXBT.com хабар беришича, ушбу тадқиқот ҳайдаш услуби аккумулятор эскиришида мустақил муҳим омил эканини яққол кўрсатиб берди. Электромобил эгаларидан секин ҳаракатланиш талаб этилмаса-да, фақатгина силлиқ тезланишлар ва кескин стартларни қисқартириш орқали машинанинг энг қиммат қисмини узоқроқ муддат сақлаб қолиш мумкин.





























Изоҳлар 0
…