05:40 / 24.03.2024
264

Сунъий интеллект ёрдамида Муҳаммад пайғамбар ҳаёти ҳақидаги илк сериал яратилди

Сунъий интеллект ёрдамида Муҳаммад пайғамбар ҳаёти ҳақидаги илк сериал яратилди
Фото: Qalbox
Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаёти ҳақидаги веб-сериал биринчи марта сунъий интеллект (СИ) ёрдамида Покистон ва Сингапур ижодкорлари томонидан яратилди. Бу ҳақда Arab News хабар берди.

«Муҳаммад: оламлар учун раҳмат» (инг. «Muhammad: The Mercy for the Multiverse») деб номланган веб-сериал мусулмонлар учун кўнгилочар видеохизматларни тақдим этувчи MuslimPro таркибига кирувчи Qalbox ва маънавий таълим учун онлайн платформа бўлган Qur'anscape ҳамкорлиги маҳсулидир.

MuslimPro веб-сайтида пайғамбарнинг визуал тасвирини ўз ичига олмаган сериал тавсифида шундай дейилган:

«Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётини, пайғамбарликдан олдинги босқичларни, ваҳийдан кейинги қийинчиликларни ва шафқатли табиатини тасвирловчи анимацион сериалга шўнғиб кетинг».

Qalbox ва Qur'anscape глобал дизайн жамоаси аъзолари Сингапур, АҚШ, Буюк Британия ва Покистонда истиқомат қилади. Техник ишларнинг асосий қисми Покистонда амалга оширилди. Сценарий муаллифи покистонлик Фотима Саттор бўлиб, сериалга Qur'anscape бош директори бўлган покистонлик Аббос Арслон продюсерлик қилди.

Лоҳур шаҳрида жойлашган Prompt Media Lab асосчиси Имод Холид эса сериалга режиссёрлик қилди. Унинг сўзларига кўра, жамоа «чуқур мазмунли ҳикояларни баён қилиш учун» генератив сунъий интеллектдан биринчилардан бўлиб фойдаланган.

«Ушбу технология бизга авлодлар учун қадрли бўлган ҳикояларни бугунги куннинг турли аудиториялари учун содда ва тушунарли тарзда тақдим этиш имконини берди», деди Холид.

Сценарий муаллифи Фотима Саттор туркум учун тадқиқотини машҳур покистонлик-америкалик олим Ёсир Қозий маърузалари билан бошлаганини айтди.

«Муддат жуда қисқа эди, шунинг учун мен бундан ортиғини ўқишга улгурмадим, лекин бизда муфтий (уламо) бор, у барча лойиҳаларни ўқиб чиқди ва мен йўл қўйган хатоларни меҳр билан тузатди», деди Саттор.

Ижрочи продюсер Саид Хоннинг айтишича, Муҳаммад пайғамбар даврининг ўзига хос муҳити ва маданиятини қайта тиклаш баъзи муаммоларни келтириб чиқарган. Тасвирларни муаллифларни қониқтирадиган даражада яхшилаш учун СИ таҳрирлаш воситаларидан кенг фойдаланилган.

Сериал 10 қисмдан иборат бўлиб, улардан иккитаси MuslimPro томонидан фақат Qalbox платформасида намойиш этилади.

«Сериал ҳақидаги шарҳлар жуда ижобий бўлди... Маркетинг ва реклама ҳаракатлари натижасида сериал Qalbox платформасининг энг муваффақиятли шоуларидан бирига айланди», деди Саид Хон.

«Сериал АҚШ, Франция, Индонезия, Буюк Британия, Канада ва Малайзия каби мамлакатларда яхши кутиб олинди, томошабинлар янги серияларни интизорлик билан кутмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги ижобий шарҳлар, томошабинлар сериални оила ва дўстлар билан баҳам кўриши унинг таъсири янада кенгайиб боришини таъминлайди», деб қўшимча қилди Хон.

Сунъий интеллект, Муҳаммад пайғамбар, илк сериал

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Сунъий интеллект ёрдамида Муҳаммад пайғамбар ҳаёти ҳақидаги илк сериал яратилди