18:24 / 03.03.2025
93

Японияда қарияларга ғамхўрлик қилувчи робот яратилди

Японияда қарияларга ғамхўрлик қилувчи робот яратилди
Фото: AP
Япониялик ишлаб чиқарувчилар кексалар учун турли мураккабликдаги парвариш вазифаларини бажара олувчи роботни тақдим этди. 150 килограммли ҳуманоид робот беморларнинг тагликларни алмаштириш, ётоқ ярасининг олдини олиш учун уларни ағдариб туриш, уларга ўтиришга ёрдам бериш, пайпоқ кийдириш, тухум қовуриш, кийимларни тахлаш ва бошқа маиший юмушларни бажара олади.

Ушбу қадам Япониянинг кексайиб бораётган аҳолиси ва қарияларни парваришлаш соҳасида ишчилар етишмаслиги муаммосини ҳал қилишда муҳим босқич бўлди. Мамлакат дунёдаги энг кекса давлат ҳисобланади: Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакатда янги туғилган чақалоқлар сони рекорд даражадаги паст кўрсаткичга етган — 720 988 киши, бу аввалги йилга нисбатан 5 фоизга кам.

“Қарияларга ғамхўрлик қилиш соҳаси кескин кадрлар танқислигини бошдан кечирмоқда. Ҳукумат маълумотларига кўра, декабр ойида ҳар 4,25 та бўш иш ўрнига атиги битта талабгор тўғри келган. Биз зўрға сузяпмиз ва 10-15 йилдан кейин вазият янада ҳалокатли бўлади”, — деди Zenkoukai номли кексаларни парваришлаш муассасалари оператори директори Такаши Миямото.

Олимларнинг фикрича, одамларга ғамхўрлик қилиш учун роботларни яратиш янги даражадаги аниқлик ва интеллектни талаб қилади.

“Ҳуманоид роботлар бутун дунёда ишлаб чиқилмоқда, лекин улар камдан кам ҳолларда одамлар билан тўғридан тўғри мулоқотга киришади, асосан фабрикалардаги ёки уйдаги вазифаларни бажаради. Чунки одамлар билан ўзаро алоқада бўлганда, хавфсизлик масалалари ва роботнинг ҳаракатларини ҳар бир инсоннинг шахсий эҳтиёжларига мослаш муаммолари пайдо бўлади”, — деди Васеда университети профессори Шигеки Сугано.

Тадқиқотчилар AIREC’ни 2030 йилгача ишга туширишни режалаштирмоқда. Камтарона ҳисоб-китобларга кўра, бундай қурилманинг дастлабки нархи 10 миллион иенадан (тахминан 67 минг доллар) бошланади.

Ижтимоий соҳа вакиллари роботнинг келажагига эҳтиёткорона оптимизм билан қарашмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бундай мураккаб ишда машиналар ҳали одамларнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно