05:54 / 25.03.2025
1 270

Франциялик аёл сунъий интеллект ёрдамида ўзининг саратонга чалинганини аниқлади

Франциялик аёл сунъий интеллект ёрдамида ўзининг саратонга чалинганини аниқлади
Франциялик аёл ChatGPT ёрдамида ўзининг қон саратонига чалинганини аниқлади, деб хабар беради Bild.

Қайд этилишича, Марли Гарнрайтер исмли аёл отасининг вафотидан кейин доимий терлаш, қичима ва ҳолсизликдан азият чеккан. Аввалига у буни бошдан кечираётган қайғу ва ташвиши билан боғлаган. Аммо вақт ўтиши билан касаллик белгилари йўқолмагани, аксинча, у вазн йўқота бошлагани учун нимадир нотўғри қилаётганига шубҳа пайдо бўлган. Аёл ўз симптомларини ChatGPT’га киритган ва сунъий интеллект унга қон саратони ташхисини қўйган.

«Мен бунга шубҳа билан қарадим ва эътибор бермадим. Бу ҳақиқат бўлиши мумкин эмас деб ўйладим», — дейди аёл.

Кейинчалик касалликнинг янги белгилари – доимий чарчоқ ва кўкрагида босим ҳисси пайдо бўлган. Марли ниҳоят шифокорга мурожаат қилганида, унинг чап ўпкасида шубҳали ўсма аниқланган. Ташхис: Хожкин лимфомаси – қон саратонининг бир тури.

«Мен бутунлай саросимага тушиб қолдим. Бу ҳақиқатан ҳам саратон бўлиши мумкин деб ҳеч ўйламагандим», — дея ҳикоя қилади Марли.

Ҳозирда у кимётерапия курсидан ўтмоқда. Марлининг ҳикояси ҳар қандай касаллик аломатларини эътиборсиз қолдирмаслик муҳимлигини яна бир бор исботлайди.

«Агар организмингиз сизга ниманидир айтмоқчи бўлса, унга қулоқ солинг», — дея маслаҳат беради у.

Аёл ҳар қандай касалликнинг дастлабки босқичлариданоқ тиббиёт ходимларига мурожаат қилишга чақиради.

Аввалроқ лондонлик олимлар саратонни сунъий интеллект ёрдамида даволашнинг янги усулини кашф этганди. Бунда беморларнинг рақамли «эгизаклари» яратилади ва муолажа аввал уларда синаб кўрилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно