date
views 1 303

Ўргимчаклар генини ўзгартириб, порловчи ипак олишга эришилди – илмий сенсация

Ўргимчаклар генини ўзгартириб, порловчи ипак олишга эришилди – илмий сенсация
Германиянинг Байройт университетида фаолият юритувчи биоматериаллар бўйича тадқиқотчилар дунё илмий жамоатчилигини ҳайратда қолдирган муҳим ютуққа эришишди. Илк бор лаборатория шароитида ўргимчакларга янги ген киритиш орқали уларнинг табиий ипак толаларини модификация қилиш муваффақиятли амалга оширилди. Тадқиқот натижалари нуфузли Angewandte Chemie журналида чоп этилди.

Натижа: порловчи ва қизил ипак

Тадқиқот доирасида CRISPR-Cas9 деб аталувчи молекуляр технология ёрдамида Parasteatoda tepidariorum турига мансуб уй ўргимчагининг ДНКсига янги ген киритилди. Бу ўзгариш натижасида ҳашарот одатий ипак ўрнига қизил тусли ва порлайдиган тола ишлаб чиқара бошлади. Олимларнинг айтишича, бу ўзгариш нафақат визуал эффект, балки материалнинг хусусиятларида ҳам катта фарқ яратиши мумкин.

Ўргимчак ипаги: табиатнинг мукаммал ихтироси

Ўргимчак ипаги мутахассислар томонидан “табиий композит материаллар ичида энг мукаммали” сифатида баҳоланади. У жуда енгил, эластик ва бир вақтда жуда чидамли. Шу билан бирга биологик парчаланиш хусусиятига эга бўлгани сабабли экологик жиҳатдан ҳам хавфсиз ҳисобланади. Ушбу сифатлар уни тиббиёт, аэрокосмик муҳандислик ва текстил саноатида қўллаш учун ноёб кандидатга айлантиради.

CRISPR-Cas9: генетик инқилобнинг калити

CRISPR-Cas9 технологияси сўнгги ўн йилда генетик муҳандислик соҳасида энг тўлиқ самара берган воситалардан бири сифатида тан олинган. У орқали муайян генларни “кесиб олиб ташлаш”, “ўчириш” ёки янги генларни “қўшиш” мумкин. Бундан аввал бу технология асосан ўсимликлар, инсон ва сутэмизувчилар устида қўлланган бўлса, ҳашаротларда, хусусан, ўргимчакларда бундай амалиёт амалга оширилмаган эди.

Профессор Шайбел: "Биринчи бўлдик"

Тадқиқотнинг асосий муаллифи, профессор Томас Шайбел қуйидагича фикр билдирди:

“Биз илк бор генетик ўзгартириш орқали ўргимчакларнинг қимматбаҳо ипак толасини янги хусусиятларга эга қилишга эришдик. Бу катта илмий ютуқ. Ҳозиргача бундай ютуқка ҳеч ким эришмагани ҳам ҳайратланарли.”

Илмий ва амалий аҳамияти

Олимлар ушбу ютуқ орқали ўргимчак ипагининг тузилиши ва синтези ҳақида янада тўлиқроқ маълумот олиш имконияти пайдо бўлганини айтишмоқда. Ушбу билимлар келажакда бионик протезлар, ақлли тўқималар, нанотехнологиялар ва ҳатто юқори даражада биоактив тиббий имплантлар яратишда қўлланилиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ўргимчаклар генини ўзгартириб, порловчи ипак олишга эришилди – илмий сенсация