
Хитой ҳукумати кекса авлодга кўрсатиладиган парвариш сифатини яхшилаш ва меҳнат ресурслари танқислигини бартараф этиш мақсадида илғор тажриба лойиҳасини йўлга қўйди. Янги ташаббусга кўра, кексаларни парвариш қилиш тизимига роботлаштирилган технологиялар жорий этилади. Бу ҳақда South China Morning Post нашри мамлакатнинг Саноат ва ахборот технологиялари ҳамда Фуқаролик маъмурияти вазирликларига таяниб хабар берди.
Лойиҳа доирасида асосий мақсад – роботлар ва "ақлли" ечимлар ёрдамида қарияларга кўрсатиладиган хизматларни енгиллаштириш, оила аъзоларига тушадиган юкни камайтириш, ҳамшира ва парваришловчилар етишмовчилигини қоплаш ва умумий инфратузилмани ривожлантиришдан иборат.
Ҳужжатда қайд этилишича, ташаббус учта йўналишни қамраб олади:
- Уй шароитида ёрдам – ёлғиз ёки оила билан яшовчи қарияларга кундалик ҳаётда кўмаклашиш;
- Жамоавий хизматлар – маҳаллий даражада ташкил этиладиган қўллаб-қувватлаш марказлари;
- Ихтисослаштирилган муассасалар – қариялар уйи, марказлашган парвариш муассасаларида хизмат кўрсатиш.
Дастур доирасида роботлар фақат жисмоний кўмак эмас, балки ҳиссий қўллаб-қувватлаш, "ақлли турмуш" ечимлари, когнитив бузилишларга қарши хизматлар ҳам кўрсатиши назарда тутилган. Айниқса, Альцгеймер ва деменция сингари касалликлардан азият чекаётганлар учун махсус кўмак тизими ишлаб чиқилади.
Аллақачон Хитойдаги бир қатор робототехника компаниялари лойиҳага қизиқиш билдирган. Лойиҳада иштирок этиш учун камида 200 та роботни 200 та уйда синовдан ўтказиш ёки 20 та интеллектуал ечимни жамоавий муассасаларга ўрнатиш талаби қўйилган. Шунингдек, иштирокчилар мазкур соҳада ягона стандартлар ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиши ҳам талаб этилади.
Ташаббус Хитойдаги тез суръатларда кечаётган демографик ўзгаришлар фонида амалга оширилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил охирида мамлакатда 60 ёшдан ошган аҳоли сони 300 миллиондан ошган. Прогнозларга кўра, 2035 йилгача бу рақам 400 миллиондан ортиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Хитой нафақат демографик муаммоларга ечим изламоқда, балки робототехника ва сунъий интеллектни ижтимоий соҳаларга интеграция қилиш орқали кекса авлод учун инсонпарвар, самарали ва узлуксиз хизмат тизимини яратишга интилмоқда. Бу тажриба яқин йилларда глобал трендга айланиши мумкин.
Фото: Xinhua «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар