
Тошкент шаҳри 19–21 июнь кунлари барча диққатлар марказида бўлади — бу вақтда «Central Asian Expo» кўргазмалар мажмуасида илк бор «Eco-Expo Central Asia 2025» халқаро экологик технологиялар кўргазмаси ўтказилади. Ушбу кўргазма нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун экологик барқарорлик ва илғор ечимлар соҳасида муҳим воқелик сифатида баҳоланмоқда.
Тадбирда 25 дан ортиқ давлатдан келган етакчи компаниялар ва мутахассислар ўз технологиялари ва ечимларини тақдим этади. Улар орасида Швейцариянинг машҳур «Bartholet Maschinenbau AG» компанияси ҳам бор. Мазкур компания дунёдаги энг илғор дор йўллар ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида танилган бўлиб, Зоминда амалга оширилган лойиҳаси орқали Ўзбекистондаги фаолиятини бошлаб юборган.
Компания бош директори Маркус Мензининг таъкидлашича, мазкур кўргазма нафақат экологик технологиялар тақдимоти, балки бизнес ва ҳукумат вакиллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш имкониятини беради:
“Биз дор йўлларни қуришда атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни камайтиришга, табиатни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Лойиҳаларимиз табиий ландшафтни асраб қолиш ва экологик талабларга риоя қилиш асосида амалга оширилади.”
Таъкидлаш жоизки, «Bartholet» компанияси Тошкентда қўшма корхона очган бўлиб, у нафақат дор йўллар қурилиши, балки уларни таъмирлаш, эҳтиёт қисмларини етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш билан ҳам шуғулланади. Бу эса Ўзбекистонда замонавий транспорт инфратузилмасини шакллантиришда муҳим қадамдир.
Кўргазмада «Bartholet» ўзининг янги авлод смарт кабиналари билан иштирок этади. Уларнинг кабинасида замонавий сенсор технологиялари, қулайлик ва хавфсизликни таъминловчи ечимлар ўрнатилган. Бу нафақат йўловчилар учун қулайлик, балки шаҳар экологияси учун ҳам катта ютуқ демакдир.
Тошкентда ўтадиган «Eco-Expo Central Asia 2025» кўргазмаси – бу янги технологиялар, ўзаро ҳамкорлик ва экологик келажак учун амалий қадамлар майдонидир. Маркус Мензи эса барча маҳаллий ва халқаро ҳамкорларни «Bartholet» стендида учрашишга ва экологик тоза транспортни биргаликда ривожлантиришга чақиради. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар