date

Сунъий интеллектга берилган ҳар бир савол экологияга таъсир қилмоқда

Сунъий интеллектга берилган ҳар бир савол экологияга таъсир қилмоқда
Сўнгги йилларда сунъий интеллект (АИ) турли соҳаларда инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди: ишда электрон хатларга жавоб бериш, реферат ёзиш, турли масалаларни ечиш каби вазифаларда кўмакчи бўлмоқда. Лекин бундай ёрдамнинг “яширин” экологик нархи борлигини кўпчилик билмайди.

Бир савол – ўн баравар кўп энергия
АИъдан фойдаланиш оддий интернет қидирувидан 10 баробар кўп энергия сарфлашини билганмисиз? Бунга сабаб – ҳар бир сўров юборилганида у рақамли кодларга айлантирилиб, юзлаб катта серверларда қайта ишланади. Ушбу серверлар кўп ҳолларда анъанавий манбалар – кўмир ёки газда ишлайдиган электр станциялари билан таъминланади.

Бунинг натижасида ҳар бир сунъий интеллект жавоби катта миқдордаги карбон газларининг ҳавога чиқишига сабаб бўлади. Германиялик олимлар олиб борган тадқиқотга кўра, мураккаб саволлар оддийларига нисбатан 6 марта, интеллектуал моделлар эса оддий моделларга нисбатан 50 марта кўпроқ чиқинди чиқаришини аниқлашди.

АИънинг “ақллироқ” бўлиши учун у кўпроқ маълумот ва параметрларга эга бўлади. Бунинг оқибатида уларни ишга тушириш кўпроқ электр энергияси талаб қилади. Масалан, бошқа оддий сунъий интеллект воситаси билан ечилса бўладиган масала учун ҳам мураккаб моделни ишга солиш – маълум маънода “ядровий реакторда чой қайнатиш” каби бўлади.

Ўз ҳиссангизни қандай қўшишингиз мумкин?
Мутахассислар фойдаланувчиларга бир нечта фойдали маслаҳатлар беришмоқда:
▪️Қисқа ва аниқ савол беринг. Ортиқча “илтимос”, “рахмат” каби сўзлар сунъий интеллект жавобини узунлаштириб, энергия истеъмолини оширади.
▪️Жавобнинг чегарасини кўрсатинг. Масалан, “фақат натижани бер”, “2 жумлада жавоб бер” деб ёзишингиз мумкин.
▪️Қуйи ресурсли моделлардан фойдаланинг. Баъзи сунъий интеллект платформаларида енгил, тезкор ва керакли соҳалар учун ихтисослашган моделлар мавжуд. Уларни танлаш орқали ҳам табиатни асраб қолиш мумкин.
▪️Содда вазифалар учун сунъий интеллектдан фойдаланманг. Масалан, калькулятор ёки интернет энциклопедия орқали ҳам ҳал бўладиган вазифалар учун катта сунъий интеллект моделларидан фойдаланиш шарт эмас.


Сунъий интеллект технологияси тараққиёти ва масъулият
Мутахассислар таъкидлашича, ҳозирги кунда сунъий интеллект ҳар бир тизимга қўшилмоқда – ижтимоий тармоқлар, веб-қидирувлар, мобил иловалар. Лекин бунга барча фойдаланувчилар эҳтиёж сезмаган.

Ҳаттоки сунъий интеллект компаниялари ўз серверлари қанча энергия истеъмол қилиши, қанча чиқинди чиқариши ҳақида ҳам очиқ маълумот беришмаяпти. Бу эса оддий фойдаланувчи учун танловни чеклайди.

Шу боис, ҳар биримиз сунъий интеллектдан оқилона ва масъулият билан фойдаланишимиз, уни зарурат бўлгандагина ишга солишимиз лозим.

Технология – қулайлик, лекин эҳтиётлик талаб қилади
Албатта, сунъий интеллект инсон ҳаётини енгиллаштирмоқда. Лекин табиатга таъсирини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Агар ҳар биримиз сунъий интеллектдан фойдаланишда тўғри ёндашувни танласак, келажак авлодлар учун соғлом муҳитни сақлаб қолишимиз мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Сунъий интеллектга берилган ҳар бир савол экологияга таъсир қилмоқда