date

Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини коинотга учирмоқчи: космик лойиҳага старт берилмоқда

Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини коинотга учирмоқчи: космик лойиҳага старт берилмоқда
Ўзбекистонда космик технологияларни ривожлантиришга қаратилган яна бир муҳим қадам ташланди. Kazinform халқаро ахборот агентлиги маълумотига кўра, мамлакат космик агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов жорий йилда 7 нафар ўзбекистонлик талаба Япониянинг машҳур Кюсю технология институтида магистратурада ўқиш имконига эга бўлади. Бу талабалар сунъий йўлдош яратиш, уни йиғиш ва коинотга учириш бўйича энг илғор билимларни ўзлаштиради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёшлар ўқиш давомида нафақат назарий, балки амалий тажриба ҳам тўплашади — яъни улар мустақил равишда сунъий йўлдош лойиҳаси устида ишлашади. Келажакда бу тажриба Ўзбекистоннинг ўз сунъий йўлдошини яратиш ва коинотга чиқариш йўлида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Муҳиддин Иброҳимовнинг сўзларига кўра, бу жараён халқаро ҳамкорлик ва технологик шериклик асосида амалга оширилади. Космик агентлик раҳбарияти Space Х компанияси билан ҳам музокаралар олиб бормоқда. Бу келишувлар келажакда Ўзбекистон сунъий йўлдошини 2028 йилгача коинотга чиқариш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, сунъий йўлдошни коинотга учиришдан олдин махсус компаниялар билан шартнома тузиш, техник тайёргарликни якунига етказиш каби бир қатор амалий ишлар кутилмоқда. Агентлик вакиллари бу соҳадаги барча босқичлар жиддий ўрганилаётганини ва бу борада халқаро тажрибага таянилиши муҳимлигини алоҳида таъкидламоқда.

Ўзбекистоннинг ушбу қадами мамлакат учун мутлақо янги фан ва технология йўналишларига йўл очади. Яқин йилларда ўзимизга хос сунъий йўлдош яратиш орқали мамлакат ахборот, метеорология, коммуникация ва хавфсизлик соҳаларида янги имкониятларга эга бўлиши кутилмоқда. Шубҳасиз, бу ташаббус фан ва техникага қизиқувчи ёшлар учун катта мотивация, мамлакат имиджи учун эса янги технологик марра бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини коинотга учирмоқчи: космик лойиҳага старт берилмоқда