date

Хитойда роботлар футбол ўйнади, баъзилари майдонни замбилда тарк этишди (видео)

Хитойда роботлар футбол ўйнади, баъзилари майдонни замбилда тарк этишди (видео)
Яқин келажак тасаввури энди кино эмас, ҳаётнинг ўзига айланмоқда. Хитойда илк бор тўлиқ автоном ва реал ўлчамдаги одамсимон роботлар ўртасида футбол турнири бўлиб ўтди. “Robo League” деб номланган мусобақа анъанавий ўйин қоидаларига яқин тарзда ташкил этилди, фақатгина бир фарқ билан — футболчилар темир одамлар эди.

Энг қизиғи, ушбу андроидлар ҳеч қандай ташқи ёрдамсиз, фақат сунъий интеллект асосида қарор қабул қилди. Улар майдонда ўзбошимчалик билан ҳаракатланди, вазиятни таҳлил қилди ва тўпни бошқаришга уринди. Тўлиқ автоматлашган тизимга эга бўлган роботлар 20 метр масофада тўпни 90 фоиз аниқликда аниқлаш қобилиятига эга эканлиги қайд этилди.

Ўйинлар ҳар икки тайм 10 дақиқадан иборат бўлиб, 3х3 форматда ўтказилди. Роботлар жуда кўп ҳолатларда тўсиқларга дуч келиб, қулади, баъзилари ҳатто техник носозлик сабабли замбилда майдонни тарк этди. Шу билан бирга, ғолиблик Синҳуа университети талабаларидан тузилган жамоага насиб қилди, деб ёзади Interesting Engineering.

Турнирни ташкил этганлардан бири шуни таъкидладики, бор-йўғи бир йил аввал роботлар майдонда шунчаки юра олмас эди, ёқилганда доимий равишда ишдан чиқарди. Эндиликда эса улар хавфсизлик учун инсон ёрдамисиз, сониясига 1 метр тезлик билан ҳаракатлана олади.

Хитойда бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиш режалаштирилмоқда. Янада йирик мусобақа — Бутунжаҳон одамсимон роботлар ўйинлари шу йил августда бўлиб ўтади. Унда фақат футбол эмас, балки бошқа спорт турлари бўйича ҳам беллашувлар ташкил этилади.

Айтиш керакки, май ойида Ханчжоу шаҳрида бутун дунёдаги илк гуманоидлар ўртасида бокс турнири ҳам ўтказилган. Таассуротларга қараганда, мазкур воқеа “Real Steel” фильмини жонли равишда намоён этгандек бўлди. Техник жиҳатдан мукаммал бўлган, инсон кўмагида ҳаракатланадиган роботлар рингда тўқнашди.

Бундан ташқари, Хитой жорий йилда тарихда илк бор роботлар ва инсонлар иштирокидаги яриммарафонга ҳам мезбонлик қилди. 12 минг нафар инсон ва 20 дан ортиқ андроид қатнашган мазкур пойгада, афсуски, ҳамма ҳам маратонни муваффақиятли якунлай олмади.

Якуний хулоса: Хитой нафақат сунъий интеллект соҳасида, балки унинг амалиётдаги қўлланилишида ҳам дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айланиб бормоқда. Роботлар майдонда тўп сурса, инсонлар эса уларни қувнаб томоша қилса – демак, келажак аллақачон бошланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Хитойда роботлар футбол ўйнади, баъзилари майдонни замбилда тарк этишди (видео)