
Apple компанияси ўз фойдаланувчилари учун янги ва қулай суғурта хизматини йўлга қўйди. Энди ойига 19,99 доллар тўлаш орқали исталган 3 та Apple қурилмасини суғурта қилиш мумкин. Бу хизмат “Apple CareOne” номини олган бўлиб, ҳар бир қўшимча қурилма учун суғурта тўлови 5,99 доллардан оширилади.
Янги тизим фойдаланувчиларга бир вақтда бир нечта қурилмани — масалан, iPhone, iPad, MacBook ёки Apple Watch каби девайсларни ҳимоя қилиш имконини беради. Бу эса айниқса Apple ихлосмандлари учун катта қулайлик яратади.
Эътиборли томони шундаки, Apple ўзининг тўрт йил аввал харид қилинган қурилмаларини ҳам ушбу суғурта тизимига қўшиш имкониятини беради. Бироқ, бунда бир шарт бор: қурилма мутахассислар томонидан текширилиши ва ишлаш ҳолати яхши бўлиши лозим.
Apple'нинг бу янги хизматини нафақат янги гаджетлар учун, балки ишлатилиб келинаётган қурилмалар учун ҳам фаоллаштириш мумкинлиги янада кўпроқ инсонлар учун қизиқарли ва мос вариантга айлантиради. Ушбу ёндашув компаниянинг мижозларига янада катта эътибор қаратаётганини кўрсатади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!