Apple компанияси 2025-йилнинг учинчи чорагида 94,04 миллиард доллар даромад эълон қилиб, инвесторлар тахминларини ортда қолдирди. Айниқса, iPhone савдолари 13,5 фоизга ошиб, 44,58 миллиард долларга етди ва бу пандемиядан бери энг йирик ўсиш бўлди. Компания даромадининг ўсишига АҚШнинг Хитойга қарши тариф уруши ҳам таъсир кўрсатди — мижозлар нарх ошишидан олдин маҳсулот харид қилишга ошиқди.
Шунга қарамай, Apple’га ушбу тарифлар 1,1 миллиард доллар қўшимча харажат келтириши мумкин. Компания бу босим остида ишлаб чиқаришни Ҳиндистон ва Ветнамга кўчирмоқда.
Apple’нинг бошқа маҳсулотлари — Mac, Apple Watch ва хизматлар сектори ҳам тахминларни ортда қолдирди. Шунга қарамай, Apple’нинг сунъий интеллектга суст эътибор қаратаётгани ва Европа Иттифоқи томонидан жорий этилган назорат чораларидан босим сезилмоқда.
Тим Кук компания сунъий интеллектга сармояларни ошираётганини таъкидлади ва “Apple доимо илғор технологияларни оммага қулай қилишни мақсад қилган,” деди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!