Хитойдаги олий таълим тизимида тарихий воқеа содир бўлди — илк бор инсон эмас, балки сунъий интеллектга эга робот университет талабасига айланди.
Таъкидланишича, Хуэба номли одамсимон робот Шанхай театр академиясида тўрт йил давомида таҳсил олади. У актёрлик, киносанъат ҳамда Хитой анъанавий операси каби мураккаб йўналишларни чуқур ўрганади. Бу жараён якунига етгач, Хуэба ҳам худди бошқа талабалар каби диссертация ҳимоя қилади, деб ёзди SCMP.
Бу маълумот омма орасида кутилмаган қизиқиш уйғотди. Хуэбанинг ташқи кўриниши одамларга яқин, у мулоқот қилиш қобилиятига эга, юз ифодалари орқали ҳиссиётларни билдира олади. У ўзини “санъат билан яшовчи сунъий интеллект” сифатида тавсифлайди.
Ушбу янгилик ижтимоий тармоқларда кескин фикрлар тўлқинини келтириб чиқарди. Айрим фойдаланувчилар буни илмий-технологик сўзсиз тараққиёт, деб баҳолади. Уларга кўра, Хуэба каби роботлар инсон ва технология ўртасидаги янги босқични бошлайди.
Бироқ барча ҳам бу воқеага ижобий муносабатда бўлмади. Айримлар санъат фақат тажриба ва туйғулар билан юзага чиқишини таъкидлади. Уларча, роботларнинг “ижоди” алгоритм ва кодлар билан чегараланган, ҳақиқий инсон қалбини ифода эта олмайди.
“Тасаввур қилинг, бу робот ҳақиқий талабалар учун ажратилган ресурсларни эгаллаб қўяди. Ҳозирнинг ўзида кўпчилик талабалар ойига 3000 юандан кам маош оляпти”, — деб фикр билдирди фойдаланувчилардан бири.
Таҳлилчилар бу лойиҳанинг амалий фойдасини ҳам, эҳтимолий хавфларини ҳам муҳокама қилмоқда. Айрим экспертлар бундай тажриба келгусида таълим соҳасида автоматлашувни жадаллаштириши мумкинлигини айтаяпти. Айримлар эса аксинча, инсон омилининг ўрнини ҳеч қандай робот тўлдира олмаслигини таъкидламоқда.
Бир нарса аниқ: бу воқеа нафақат Хитойда, балки бутун дунёда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Сунъий интеллект ва одам ўртасидаги чегара сира очиқ-ойдин эмас, бу ҳолат эса келажакда янада кўп саволларга сабаб бўлиши мумкин.
Бу воқеа — технологиянинг янги босқичга ўтиши, балки келажакда театр саҳналарида ва экранларда инсон актёрлар билан бир қаторда роботлар ҳам роль ижро этадиган замонлар яқинлашмоқда. Шуниси аниқки, Хуэба санъат оламида янги саҳифанинг бошловчиси бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!