date

Сунъий интеллект бедарак йўқолган шифокор жасадини топишга ёрдам берди

Сунъий интеллект бедарак йўқолган шифокор жасадини топишга ёрдам берди

Италиянинг шимолидаги Пиедмонт ҳудудида деярли бир йил давомида изсиз йўқолган шифокор Никола Ивалдонинг жасади сунъий интеллект ва дрон технологиялари ёрдамида аниқланди, деб ёзади ndtv.com.

Маълумотларга кўра, Италиянинг Миллий Алп ва ғор қутқарув хизмати (CNSAS) 64 ёшли шифокорни топиш учун анча вақт давомида изланишлар олиб борган. Бир йил мобайнида одатий қидирув технологиялари ҳеч қандай самара бермаган.

Шундан сўнг қидирув ишларига янги авлод дронлари жалб этилди. Жорий йилнинг 29 июль куни икки дрон 5 соат давомида Пиедмонтдаги тўлиқ ўрмон билан қопланган тоғли масканларни кузатди. Уларнинг йиғган тасвирлари сунъий интеллект тизимига юкланди ва натижада “шубҳали жойлар” қисқа вақт ичида белгилаб берилди.

Бу жараёнда дрон оператори Саверио Исола муҳим роль ўйнади. Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект тасвирларда инсон кўзига деярли намоён бўлмаган, камёб рангдаги пикселларни аниқлаб, шифокорнинг дубулғасини таниб олди. Бу элемент тоғ саҳнасида шунчалик кичик кўринардики, оддий кўз билан уни кўриш мумкин эмас эди.

Айнан шу нуқтада қидирув ишлари янада жадаллашди. Ҳарорат пастлиги, ёмғир ва туман сабаб операция бир неча кунга тўхтаб қолган бўлса-да, 31 июль куни шифокорнинг жасади махсус мутахассислар ва дронлар кўмагида топилди.

Қутқарувчилар бу ишни улкан ютуқ деб баҳолашмоқда. Уларга кўра, агар мазкур суратлар сунъий интеллектсиз таҳлил қилинганида, натижа ойлаб кечиккан бўлар эди. Саверио Исола бу ҳақда шундай деган:

“Бу шубҳасиз инсонлар саъй-ҳаракатининг самарасидир. Аммо, шундай ютуқка эришишимизга замонавий технологиялар ёрдам бермаса, унга етиб бориш деярли мумкин бўлмасди. Бу иш ҳақиқий жамоавий ғалаба бўлди.”

Мазкур воқеа сунъий интеллект имкониятлари инсон ҳаётида қандай амалий ва муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор тасдиқлади. Шу билан бирга, дрон технологияси ва инсон ақли ўртасидаги самарали ҳамкорлик ҳақиқий ҳаётни сақлаб қолишга ёки муаммони ечишга қандай кучли таъсир кўрсата олишини намоён этди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Сунъий интеллект бедарак йўқолган шифокор жасадини топишга ёрдам берди