Realme компанияси 15 000 мА/соат сиғимга эга батареяли смартфонини тақдим этишини маълум қилди, деб Kursiv.media хабар берди. Компания ижтимоий тармоқларда тийзер орқали бу янгиликни эълон қилди. Бу кўрсаткич бозордаги деярли барча смартфонларга нисбатан икки баробар юқори ҳисобланади.
Realme смартфон узоқ муддатли ишлашига урғу бериб, «Драматизм экранда қолсин, батареяда эмас» шиорини илгари сурди. Компания маълумотига кўра, янги қурилма 50 соатлик узлуксиз видео трансляцияни таъминлай олади.
Тийзерда смартфоннинг орқа панели кўрсатилган бўлиб, унда батарея сиғими аниқ ёзилган. Қурилма катта батареяга эга бўлгани учун, унинг корпуси одатий смартфонларга нисбатан анча қалин бўлиши кутилмоқда. Унда энг кучли флагман процессор қўлланилмаслиги мумкин, чунки асосий эътибор ишлаш давомийлигига қаратилган.
Realme аввал 2025 йил май ойида 10 000 мА/соат батареяли прототип смартфонни намойиш қилган эди. Эндиликда эса компания бу кўрсаткични рекорд даражадаги 15 000 мА/соатга етказди.
Янги моделнинг расмий тақдимоти 27 август куни бўлиб ўтади. Нархи ва бошқа техник жиҳатлар ана шу тадбирда ошкор этилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!