Pintarnya, Индонезияда иш топиш ва молиявий хизматларни таклиф қиладиган онлайн платформаси, 16,7 миллион доллар (тақрибан 213 миллиард сўм) миқдорида Series A туркуми инвестицияни жалб қилди, деб TechCrunch хабар берди.
Инвесторлар орасида Square Peg етакчилик қилди, қолганлар эса Vertex Venture Southeast Asia & India ҳамда East Ventures бўлди. 2022 йилда ташкил этилган платформа асосчилари — Гириш Покардас, Нелли Нурмаласари ва Генри Ҳендраван.
Платформа ишчиларга фақат иш эмас, балки адолатли шартларда қарз олиш имкониятини ҳам таклиф этади. Pintarnya сунъий интеллект орқали иш топиш жараёнини рақамлаштирган ва омонатли қарз хизматларини йўлга қўйган.
Индонезияда 150 миллион ишчи кучининг тахминан 59 фоизи ноформал секторида ишлайди. Улар расмий даромад ҳужжатлари етишмаслиги сабабли банк хизматларидан фойдалана олмайди.
Pintarnya ушбу муаммога ечим сифатида гаровга асосланган қарзлар таклиф этади. Масалан, тилла, маиший техника ёки транспорт воситалари гаров сифатида қабул қилинади.
2022 йилдаги илк сармоядан сўнг, бугунги кунга келиб Pintarnya 10 миллиондан ортиқ иш қидирувчилар ва 40 000 та иш берувчиларга хизмат кўрсатмоқда. Унинг даромади йиллик ҳисобда беш баробар ошган.
Платформа асосан 21 ёшдан 40 ёшгача бўлган, ўрта маълумотли ёки коллеж даражасига эга бўлган фойдаланувчиларни қамраб олган. Ушбу гуруҳ Индонезиядаги ишчи аҳолининг катта қисмини ташкил этади.
Pintarnya иш қидиришдан ташқари, масофавий курслар, қулай микрокредитлар ва даромадни ошириш имкониятларини ҳам тақдим этади. Унинг мақсади — Индонезия ишчилари учун ишончли рақамли ҳамроҳга айланиш.
Янги инвестиция эвазига Pintarnya технология платформасини ривожлантириш ва молиявий шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилган. Шундан сўнг, компания минтақавий кенгайишни ҳам кўзламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!