Бутун дунёдаги смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар янги ва замонавий қурилмалар нархини оширишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда маълумот DigiTimes нашри орқали тарқатилди.
Нашр манбалари смартфонлар нархи ошишини асосан ишлаб чиқариш қиймати ва таннархи билан изоҳлади. Бунга Тайваннинг замонавий процессорлар ишлаб чиқарувчи йирик корпорацияси TSMC (Taiwan Semiconductor Manufacturing Company) маҳсулотлари нархини 5-10 фоизга ошириш режаси ҳақида ҳамкорларга олдиндан хабар бергани ҳам сабаб бўлган. Бу эса, ўз навбатида, янги смартфонлар бозоридаги қурилмалар қийматига сезиларли таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Шунингдек, TSMC томонидан ишлаб чиқариладиган процессорлар сентябрь ойида тақдим этиладиган янги iPhone моделларида қўлланилади. Samsung Galaxy S26 флагман қурилмалари ҳам TSMC томонидан ишлаб чиқарилган Qualcomm Snapdragon 8 Elite Gen 2 чиплари билан тақдим этилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, энг замонавий Android смартфонлари ҳам Qualcomm процессорлари билан чиқарилади. Янги нархлардаги смартфонлар эса эҳтимол, 2025 йил охиригача бозорга кириб келиши мумкин.
Манбаларнинг таъкидлашича, смартфон ишлаб чиқарувчилари TSMCга қарамлигини камайтириш йўлларини изламоқда. Масалан, Samsung ўзининг Exynos процессорларидан фойдаланиб, Qualcomm чиплари билан рақобатлашадиган моделларни ишлаб чиқаришга қайтиши мумкин. Бу қадам эса, компанияларга нарх ва технология устунлигини сақлаб қолишда ёрдам бериши мумкин.
Шу тариқа, смартфонлар ишлаб чиқарувчилари нархларни оширишга ва янги моделлар билан бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлашга интилмоқда. Бу эса фойдаланувчилар учун янги қурилмаларни харид қилишда режаларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!