date

Малайзиялик Basis Bay Ўзбекистонда дата-марказ қуриши мумкин

Малайзиялик Basis Bay Ўзбекистонда дата-марказ қуриши мумкин

Малайзиянинг Basis Bay компанияси Ўзбекистонда дата-марказ қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб Dunyo ахборот агентлиги хабар берди. Компания мутахассислари яқин кунларда мамлакатга ташриф буюриб, IT бозорини ўрганади.

Basis Bay бошқарув кенгаши раиси Прабо Тиагараджа Куала-Лумпурда Ўзбекистоннинг элчиси Каромиддин Ғадоев билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш доирасида дата-марказлар соҳасига инвестиция киритиш масалалари муҳокама қилинди.

Тиагараджа таъкидлашича, Basis Bay Малайзияда маҳаллий резидентга тегишли ягона дата-марказни қурган. 2009 йилда компания экологик тоза ечимлар асосида “яшил” комплексни ишга туширган — бу турдаги илк лойиҳалардан бири бўлган.

Томонлар малайзиялик мутахассисларнинг яқин вақт ичида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олди. Улар мамлакатдаги IT хизматлари бозори ҳамда дата-марказ қурилишига оид имкониятларни баҳолайди.

Шу мавзуда сўз юритилган муҳим воқеалардан бири — Шавкат Мирзиёевнинг февраль ойидаги Малайзияга ташрифи чоғида Президент ушбу соҳани ИИ, рақамли технологиялар ва яримўтказгичлар билан бир қаторда истиқболли йўналиш сифатида кўрсатган эди.

Июль ойида IT соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотда Green White Solutions асосчиси Абдукаххар Тошмуҳамедов ҳисоблаш қуввати етишмаслиги ҳақида гапирган эди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган бирорта ҳам дата-марказ йўқ.

У бу ҳолат мижозларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича талабларга амал қилишда қийинчилик туғдираётганини айтди. Шу боис давлат ташкилотлари учун камида иккита дата-марказ — асосий ва захира варианти бўлиши шартлигини таклиф қилди.

Цифров технологиялар биринчи ўринбосари Олег Пекось маълум қилишича, 2022 йилда фойдаланишга топширилган “Электрон ҳукумат” дата-маркази Tier III халқаро стандартига мувофиқ сертификатланган. Шунингдек, у “Ўзбектелеком” томонидан Кўқон, Бухоро ва Оҳангарон шаҳарларида жорий йил охиригача яна учта мажмуа фаолиятини бошлаши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Малайзиялик Basis Bay Ўзбекистонда дата-марказ қуриши мумкин