Россияда Telegram трафиги бир ой ичида 18 фоизга камайди

Россияда Telegram мессенжерининг мобил трафиги март ойида 18 фоизга, компьютер версиясида эса 22 фоизга камайди. Ушбу пасайиш фонида Max, Телега ва Пачка каби муқобил сервисларнинг оммавийлиги ва фойдаланувчилари сони сезиларли даражада ошмоқда. Шунга қарамай, Telegram 94,3 миллионлик аудитория билан мамлакатдаги энг йирик платформа мақомини сақлаб қолмоқда. Мессенжер асосчиси Павел Дуров эса фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари дахлсизлигини ҳимоя қилиш йўлида ҳатто айрим бозорлардан воз кечишга тайёрлигини таъкидлади.
2026 йилнинг март ойида Россияда Telegram мессенжерининг мобил трафиги 18 фоизга камайди. Февраль ойида ҳам ушбу кўрсаткич 10 фоизга пасайган эди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Мессенжернинг компьютерлар учун мўлжалланган версиясида пасайиш янада сезиларли бўлиб, бир ой ичида 22 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, чиқувчи трафик ҳажми 66 фоизга ошган. Экспертлар буни фойдаланувчиларнинг ташқи платформаларга ўтиши ва чекловлар ўрнатилишидан олдин реклама кампаниялари фаоллашгани билан изоҳламоқда.
Шу фонда муқобил сервислар ўсиш кўрсатмоқда: Max мессенжери трафиги 60 фоиздан зиёдга ошиб, кунлик фойдаланувчилари сони 80 миллионга етди.
Россиянинг Телега ва корпоратив алоқа учун мўлжалланган Пачка хизматлари ҳам оммалашмоқда. Хусусан, Пачка хизматидан фойдаланувчи компаниялар сони бир ойда икки баравар кўпайди.
Шунга қарамай, Telegram мамлакатдаги энг йирик платформа бўлиб қолмоқда ва унинг ойлик аудиторияси 94,3 миллион кишини ташкил этади.
Мессенжер асосчиси Павел Дуров коррупциялашган бюрократларга шахсий ёзишмаларни тақдим этишдан кўра, Франция бозорини тарк этиш афзалроқ эканини таъкидлади. У фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари дахлсизлигини ҳимоя қилишда давом этишини маълум қилди.






























Изоҳлар 0
…